Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адлия вазирлиги самарасиз норматив-ҳуқуқий хужжатларни «тозалаш» бўйича янги метод қўлламоқчи
Ўзбекистонда қонунчиликдаги иқтисодий самарасиз, амалда ўз аҳамиятини йўқотган, амалга оширилиши ортиқча харажатлар талаб қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш мақсадида «Тартибга солиш гильотинаси» методини қўллаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz`га Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева хабар берди.
«Тартибга солиш гильотинаси» – қандай метод?
Иқтисодий ўсишдаги тўсиқларни бартараф этиш ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида амалиётга жорий этилган «тартибга солиш гильотинаси» принципи 1980 йилда Швецияда ишлаб чиқилган. Методнинг асосий ғояси – қисқа муддатларда амалдаги норматив-ҳуқуқий базани хатловдан ўтказиш ва унинг натижасида қонунчиликка зид бўлган, самарасиз норматив-ҳуқуқий хужжатларни бекор қилиш ҳисобланади.
«Тартибга солиш гильотинаси» методини амалга оширишда кераксиз норма ва қоидаларни бекор қилиш жараёнида сиёсий ва маъмурий харажатларни қисқартириш, тадбиркорлар ва бошқа манфаатдор шахслар учун консультациявий муҳитни шакллантириш, вазирлик ва идоралар ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантириш каби мақсадлар илгари сурилади.
Ушбу методнинг бугунги кундаги талқини Jacobs, Cardowa & Associates томонидан Швеция ва Жанубий Корея давлатлари тажрибасига асосланган холда ишлаб чиқилган. «Тартибга солиш гильотинаси» методи қуйидаги кетма-кетликда амалга татбиқ этилади:
а) Ҳукумат (ёки реформаларни амалга ошириш вазифаси юкланган бошқа орган) «Тартибга солиш гильотинаси»нинг асосий мақсадларини белгилайди;
б) Ҳукуматнинг топшириғига биноан масъул идора белгиланган муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини шакллантиради. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунийлиги, долзарблиги ва бозор муносабатларига қанчалик мослиги юзасидан уч босқичли хатловдан ўтказилади: ҳужжатни ишлаб чиққан масъул идора, мустақил эксперт-таҳлилчилар ва тадбиркорлар гуруҳи томонидан;
в) Шундан сўнг, хатловдан ўтказилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ягона реестрга жамланади. Хатлов натижасига кўра юқоридаги талабларга зид деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
«Тартибга солиш гильотинаси»дан қандай натижалар кутилади?
Ҳозирги кунга қадар ушбу метод Вьетнам, Кения, Хорватия, Жанубий Корея, Украина ва бошқа бир неча давлатларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, асосан, қонунийлик, бизнес учун фойдали ёки фойдали эмаслиги, долзарблик, харажатлар мезонлари бўйича амалга оширилган. Шунингдек, юқоридаги давлатларда «тартибга солиш гильотинаси» методини тўлиқ амалга ошириш икки ойдан икки йилгача муддат талаб қилиб, натижада эса ЯИМ ҳажми сезиларли даражада ошган ва қўшимча иш ўринлари сони кўпайган.
Бунга ёрқин мисол тариқасида, Жанубий Корея амалиётини келтириш мумкин. Давлат 11 ой давомида 11000га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқди ва уларнинг 50 % қисмини бекор қилди. Бунинг натижасида ЯИМ хажми 36 миллиард долларга ўсган бўлса, қўшимча бир миллион иш ўрни яратилди.
Худди шундай реформалардан бири 2005 йилда Молдовада ўтказилди. «Тартибга солиш гильотинаси»ни амалга ошириш учун Миллий ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ 6 ой давомида тадбиркорлик соҳасини тартибга солишга доир 1130та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқди.
Бунинг натижасида эса, 426та ҳужжатлар барча мезонларга жавоб берди ва реестрга киритилди, 285та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, 99та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинди.
Адлия вазирлиги тўлиқ хатловни якунлади
Бугунги кунга келиб «тартибга солиш гильотинаси»ни амалиётга жорий қилиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан идоравий-норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Хатлов натижасида ўз долзарблиги йўқотган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланди.
Шунингдек, тегишли ижтимоий муносабатларни идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинишининг мақсадга мувофиқ эмаслиги масаласи ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Бунинг натижасида эса 390дан ортиқ идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинди.
Шу билан бирга, жавобгарлик белгиловчи, бир хил ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан вазирлик ва идораларга тегишли таклифлар юборилди.
«Тартибга солиш гильотинаси» методини тўлақонли амалга ошириш натижасида эса, тадбиркорларга ғов бўлиб келаётган турли маъмурий чекловларни бартараф этиш, иқтисодиёт тармоқларида юқори самарадорликка эришиш ва бизнес юритиш муҳитини яхшилаш кўзланган. Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан ушбу мақсадга эришиш учун барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мавзуга оид
09:17 / 11.06.2026
Профессордан тарбиячигача: педагогик лавозимлар рўйхати белгиланди
08:39 / 04.06.2026
Инсофсиз суғурта агентларининг очиқ реестри юритилади
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
15:51 / 12.05.2026