Ўзбекистон | 23:29 / 29.10.2019
38225
3 дақиқада ўқилади

Янги иш ўринлари яратиш режасини бажармаган туманлар маълум қилинди

29 октябрь куни парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг жорий йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Вазир ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида республикада 266,3 мингта иш ўрни яратилган. Хусусан, ишсизлик даражаси ва аҳоли бандлигини таъминлаш эҳтиёжи юқори бўлган Қорақалпоғистон Республикасида – 15,6 минг, Андижонда – 24,4 минг, Қашқадарёда – 22 минг, Жиззахда – 13,4 минг, Самарқандда – 27,6 минг, Фарғонада 32,2мингта иш ўрни ташкил этилган. Бунда яратилган иш ўринларининг қарийб тенг ярми – 129 мингтаси кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳисобига тўғри келмоқда.

Ҳисобот якунида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига Халқ демократик партияси депутати Зулайҳо Акрамова томонидан ўтган 9 ой давомида аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича давлат буюртмасининг қанча қисми бажарилмай қолгани ва бу борада энг ёмон натижа кўрсатган туманлар номини келтириш сўралди.

«Албатта, бу борада бизда аниқ рақамлар бор. Масалан, ўтган 9 ой давомида давлат буюртмаси Андижон вилоятининг Улуғнор туманида белгиланганидан 20 фоизга, Бухоро вилоятининг Ромитан туманида 13 фоиз, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 13 фоизга кам бажарилган.

Бу ерда давлат буюртмасининг бажарилмай қолаётганига сабаб сифатида тижорат банклар томонидан белгиланган лойиҳаларнинг молиялаштирилмай қолиши, ёки бошқа муаммолар ҳам сабаб бўлган.

Бугунги кунгача жами бўлиб 203та лойиҳа амалга оширилмаган. Бу лойиҳалар давлат буюртмаси бўйича ўтган 9 ойликда топширилиши керак эди», дея Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид