Жамият | 13:54 / 30.10.2019
20562
2 дақиқада ўқилади

ДХХ транзит орқали олиб ўтилаётган 300 минг долларлик гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

Иллюстратив фото

Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти Бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида қўшни Тожикистондан мамлакатимиз орқали Қозоғистон Республикасига олиб ўтилаётган кўп миқдордаги гиёҳванд модда ушлаб қолинди.

Аниқланишича,  Тожикистон фуқароси С. гиёҳванд моддани контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб киради ва Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган Ш.А. хонадонига олиб боради.

Ушбу ажал оғусини мамлакатимиз орқали транзит сифатида ўтказиш ишларининг ташкилотчиси бўлган Қозоғистон Республикаси фуқароси, Туркистон вилоятида истиқомат қилувчи Э.Ж. Ш.А. хонадонига келиб, гиёҳванд моддаларни қабул қилиб олади.

Тезкор ходимлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Э.Ж. оғуни Сирдарё вилоятига олиб бориб, айланма йўллар орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган пайтида қўлга олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, Э.Ж.дан ашёвий далил сифатида олинган гиёҳванд модда “героин” бўлиб, жами оғирлиги 20 кг 32 гр.ни ташкил этди.

Мутахассислар фикрича, бугунги кунда 20 кг “героин” моддасининг нархи 300 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағни ташкил қилади. Агарда у истеъмолга чиқариб юборилганида минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлиши мумкин эди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Сирдарё вилояти Бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид