Ўзбекистон | 23:08 / 30.10.2019
14684
4 дақиқада ўқилади

Экопартия вакили «Ўзкимёсаноат» раҳбарининг бош вазир лавозимига номзод сифатида танланганига изоҳ берди

Одил Темиров

Ўзбекистон Экологик партияси парламент сайловида ғалаба қозонган тақдирда, бош вазир лавозимига «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров номзодини илгари суришини маълум қилган эди.

30 октябрь куни Халқаро пресс-клуб сессиясида қатнашган партия вакили «яшиллар» ва кимё саноатининг бир-бирига номувофиқлиги борасида жамоатчиликда уйғонган танқидий фикрларга муносабат билдирди.

«Биринчидан, Одил Темиров – партиямиз аъзоси.

Иккинчидан, партиямиз сайловолди кампаниясида катта масалани қўйган: биз саноатни ривожлантирамиз. Шундай ривожлантирамизки, янги инновацион технологиялар асосида ривожлантиришимиз керак.

Агар сайловларда халқ бизга ишонч билдириб, кўп овоз оладиган бўлсак, у кишини Бош вазир лавозимига кўтарамиз ва мазкур соҳани янгидан модернизация қилдирамиз. Янги технологиялар жорий қилдирамиз.

Битта мисол. Ривожланган мамлакатлар саноатни ривожлантирамиз деб, ўз аҳолиси саломатлигига қанчалик салбий жиҳатларни кўряпмиз. Ҳаттоки айрим мамлакатларда мактабларгача ёпиб қўйишга мажбур бўлишди. Биз эса бунга йўл қўймаймиз. Янги, инновацион, ривожланган саноат технологияларини жорий қилишимиз, саноатни ривожлантиришимиз керак, лекин бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак», – деди Экопартия вакили.

Kun.uz Ўзбекистонда мавжуд бешала сиёсий партиялар раҳбарияти билан боғланиб, улар бош вазир лавозимига кимни номзод сифатида кўраётгани ҳақида маълумот олган эди. Шундан сўнг партиялар кўрсатган номлар фақат ижро ҳокимияти мулозимларидан иборат бўлгани ҳам жамоатчиликда савол уйғотганди.

«Нима учун сиёсий партиялар ўз лидерларини бош вазир лавозимида кўрмаяпти?» дея ХПК сессиясида берилган саволга партия вакиллари жавоб бериб ўтди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили: «Савол жуда ўринли. Бу савол ижтимоий тармоқларда кўп айланди. Биринчидан, [Абдулла Арипов] – партиямиз ташкил топганидан бери унинг фаол аъзоси. Иккинчидан эса, сиёсий кенгашнинг 85 аъзосидан бири».

«Адолат» социал-демократик партияси вакили: «Тўғрисини айтиш керак, ҳозирги бош вазиримизнинг ҳам тажрибаси катта. Худди шундай, биз таклиф қилишимиз эҳтимоли бўлган номзодларимиз [Адлия вазири Русланбек Давлетов ва бошқалар] ҳам бош вазир каби ҳаётий, касбий тажрибага эга бўлиши керак бўлади. Шунинг учун ҳозир биз бу масалани аниқ қилиб кўтармаяпмиз, вақт кўрсатади.

Сайлов якунлари бўйича ўз номзодларимизни кўрсатишимиз мумкин. Номзод сифатида партиямиз лидерини ҳам кўрсатишимиз мумкин. Лекин бу масала фақатгина сиёсий кенгашнинг якуний қарори билан амалга оширилади».

Халқ демократик партияси вакили: «Савол жуда ўринли. ХДП бош вазирликка кўрсатаётган номзодига эътибор берсангиз, жуда ҳам малакали, тажрибали, Ўзбекистон қаҳрамони.

Партиямизнинг бевосита ўтган даврдаги фаолиятини ҳисобга олиб, мана шунга қарор қилдик. Агар сайловларда ғалаба қозонсак, бош вазир лавозимига Очилбой Раматовни кўрсатишга қарор қилганмиз».

Экологик партия вакили: «Ҳақиқатан, ўринли савол. Биз кўрсатган номзодлар бугун нафақат ишлаб чиқариш жараёнида, шу билан бир қаторда партиямизнинг сиёсий кенгашида, сиёсий жараёнларда иштирок этиб боришмоқда».

«Миллий тикланиш» демократик партияси бош вазир лавозими учун захира кадрлари таркибини очиқламагани учун, партия вакили мазкур саволга жавоб бермади.

Мавзуга оид