Ўзбекистон | 14:17 / 22.12.2019
17722
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Экопартия кузатувчиси бир сайловчига 3тадан бюллетень берилаётгани сабаб жанжал кўтарди

Айрим сайлов участкаларида маълум бир қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида МСКга мурожаатлар тушмоқда. Хусусан, бир сайловчи 2-3 нафар сайловчи ўрнига овоз бергани, сайловолди ташвиқоти олиб борилгани, оилавий овоз беришга шароит борлиги бўйича шикоятлар бор.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси котибият мудири Худоёр Маматов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири

«Аниқ мисолларга эътиборларингизни қаратсам. Чирчиқ шаҳридаги 197- ва 198-сайлов участкаларида Чирчиқ шаҳар кенгашига номзод Дафтиров Сардор Равшан ўғли (1991 йилда туғилган, «Адолат» СДПдан номзод) ташвиқот тадбирларини олиб бораётгани ҳақида мурожаат бўлди. Мурожаат зудлик билан назоратга олинди ҳамда прокуратура органларига юборилди. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади», – деди МСК вакили.

Маълумот учун, 21 декабрдан бошлаб сайловолди ташвиқотини олиб бориш Сайлов кодексига мувофиқ тўхтатилган.

«Қўйлиқ даҳасидаги 374-сайлов участкасида Экология партияси кузатувчиси: «Ҳар бир сайловчи 3тадан бюллетен олиб, урнага ташлаяпти, деб участкада жанжал кўтармоқда» деган мурожаат бўлди. Буни ўрганиш натижасида маълум бўлишича, жанжал ушбу кузатувчи тушунмаганлиги оқибатида келиб чиққан. У билан ички ишлар ходимлари ва комиссия аъзолари ҳамкорлигида тушунтириш олиб борилди. Чунки сайлов 3та вакиллик органи – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят ва туман депутатлиги учун бўлиб ўтмоқда, шундай экан ҳар бир сайловчига 3тадан бюллетень берилади. Бундай тушунмовчиликларга ўз ўрнида зудлик билан аниқлик киритилди», – дея қайд этди Маматов.

Унинг сўзларига кўра, Бекобод туманидаги 260-сайлов участкасида оилавий овоз беришга ҳаракатлар бўлаётганлиги ҳақида мурожаат тушган.

«Бироқ бу ҳаракатлар УСК аъзолари томонидан ўз вақтида бартараф этилган. Бундай ҳолатларга умуман йўл қўйилмаслигини, ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлигини яна бир бор таъкидлаймиз», – деди МСК вакили.

У ўз сўзида яна бир бор барча округ ва участка сайлов комиссияларига мурожаат қилди.

«Сайлов кодексининг 60-моддасига асосан, сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда тегишли сайлов комиссиялари такрорий сайловни ўтказиш тўғрисида қарор чиқариши мумкин.

Мазкур қонун талаби Марказий сайлов комиссияси томонидан қатъий таъминланади. Шунинг учун барча сайлов комиссиялари аъзоларига Сайлов кодекси талабларига қатъий риоя қилишларини сўраб ўтамиз», – деб таъкидлади Худоёр Маматов.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид