Ўзбекистон | 18:27 / 30.10.2019
2285
7 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази иштирокидаги “Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил октябрь–декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури” ишлаб чиқилди.

Пойтахтда ташкил этилган “Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида ўқув-семинарида ушбу ҳамкорлик дастурининг амалга ошириш механизмлари муҳокама этилди. 

Юқоридаги ташкилотларнинг қуйи бўғинлари ҳам бевосита иштирок этган видеоселекторда Республика маҳаллалар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг оилалар ҳамда маҳаллаларда соғлом муносабатлар муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган иллатларнинг олдини олишга қаратилган қўшма Мурожаати қабул қилинди. 

Мурожаат ҳар бир жамоат ташкилотининг ўз фаолиятини танқидий таҳлил этиб, энг қуйи бўғинларида ҳам ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган. Жумладан, унда оилаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик йўқолиб, муносабатларга манфаат, тама қўшилаётгани, ўз боласининг тарбиясига лоқайд ота-оналар кўпайиб, оилаларда отанинг ўрни сезилмаётгани, оилавий ажралишлар, жиноятлар ва мулкий можароларда оталар ролининг кўринмаётгани, ижтимоий-маънавий муҳитда парокандалик, оилавий муносабатларда мувозанатнинг бузилаётгани алоҳида таъкидланган ҳолда, жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида муҳим устувор вазифалар ва истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири — айрим йигит-қизларимиз мустақил ҳаётга тайёрланмай, турмуш қуришаётганидир. Натижада ёш оилалар ўртасида ажралишлар сони ошиб бораётир. Тўй-ҳашам, маросимларимизда ҳам бемаъни орзу-ҳаваслар, ота-боболаримиз амал қилган урф-одатларга ҳурматсизлик, ортиқча расм-русумлар, дабдабабозлик, бегона “урф-одатлар”га кўр-кўрона эргашилаётганини афсус билан қайд этиш лозим . Ушбу иллатлар қаршисида биз — маҳаллаларда яшаётган ҳар бир инсон томошабин бўлиб қараб турмаслигимиз лозим. 

Видеоселектор йиғилишида тасдиқланган етти бўлимдан иборат Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил ноябрь–декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури амалий чора-тадбирларни ўз ичига олди.

Хусусан, дастурнинг биринчи бўлимига асосан, жамоат ташкилотларининг республика, вилоят ва туман даражасидаги раҳбарлари учун ҳамкорлик масалалари бўйича бир кунлик ўқув-семинари ташкил этилади. Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш методикаси бўйича видеодарсликлар тайёрланади.

Оилаларда меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ва ажралишларнинг олдини олиш мақсадида ёшлар ўртасида ўтказиладиган “Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!” мавзуидаги давра суҳбатлари чинакам сабоқ вазифасини ўтаса, оила муқаддаслиги, ота-она ва миллий қадриятларга ҳурмат ҳиссини оширишга қаратилган “SMS-хабарнома” юбориш хизмати йўлга қўйилиши ўзига хос маънавий эслатма бўлиши шубҳасиз. Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича суд ва ФҲДЁ органи биноларида “Оила бурчаклари” ташкил этилиб, “Оиладаги тотувликка биргаликда эришамиз!” шиори остида акциялар, “Оила ва жамият фаровонлиги — тараққиёт омили” мавзуида учрашувлар ҳам эзгу мақсадга хизмат қилади. 

Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш борасида “Кийиниш маданияти ва одоби”, “Аёл маънавияти” мавзуларида тарғибот тадбирлари алоҳида аҳамият касб этади. Уларда туман (шаҳар)ларда миллий либосларимизни акс эттирувчи кийимлар намойиши ўтказилади. “Маърифатли қизнинг қадами қутлуғ келур” мавзуидаги суҳбатлар орқали эса қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, касбга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга эътибор қаратилади.

Дастурда тўй ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича ҳам қатор саъй-ҳаракатлар белгиланган. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ижроси изчил таъминланиб, қарор мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш бўйича маъруза тезислари, тарқатма материаллар (слайд, буклет, тавсия ва ҳ.к.) ишлаб чиқилади ва жойларга етказилади.

Ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик руҳида тарбиялаш борасида нуронийлар ва пенсиядаги ҳарбий хизматчилар иштирокини таъминлаш муҳим вазифадир. Умумтаълим мактабларида “Кексалар маърифати” мавзуида ташкил этиладиган тадбирлар шу мақсадга хизмат қилиб, уларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан марказий ва ҳудудий телеканаллар орқали Ватанга муҳаббат, оилавий қадриятларни тарғиб этувчи ва огоҳликка чорловчи бадиий фильмлар намойиш қилиниши аҳамиятлидир. 

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштириш, аҳоли билан суҳбатлар ўтказиш, шу жумладан, уйма-уй юриш, аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришда кенг жамоатчилик жалб этилиши ҳам эътиборга сазовор ишлардан. 

Яна бир муҳим жиҳат сифатида марказий ва ҳудудий кенгашлар томонидан босма, электрон оммавий ахборот воситалари орқали маҳалла тизими фаолиятидаги ижобий ўзгаришлар ва илғор тажрибалар, тизимдаги муаммолар, уларнинг ечимига қаратилган “Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилувчи тузилма” танлови ташкил этилишини айтиб зтиш жоиз. Танловнинг туман, вилоят ҳамда республика босқичлари ўтказилиб, якунлари бўйича фаол жамоат ташкилот тажрибаси оммалаштирилади. 

Дастурдан бир қатор ижобий натижалар кутилмоқда. Хусусан, маънавий-маърифий тадбирлар тизимли ташкил этилади, уларнинг таъсирчанлиги ошади, оилалар ва маҳаллалардаги муҳит янада соғломлаштирилади. Шу билан биргаликда, аҳолида салбий иллатларга нисбатан муросасизлик маданияти шакллантирилади, маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг иш фаолиятини янада жонлантиришга эришилади. 

Республика маҳаллалар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган видеоселектор йиғилиши самарали кечди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид