Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саида Мирзиёева: «Ўзбекистондаги маданият муассасалари имконияти чекланган шахслар учун мослашмаган»
«Samarkand Half Marathon» – Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўтказилаётган халқаро хайрия ярим марафони муносабати билан 30 октябрь куни матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Ўзбекистондаги инклюзия муаммоси хусусида нутқ сўзлади.
Маълум қилинишича, БМТ маълумотларига асосан, Ер юзи аҳолисининг 15 фоизи, яъни бир миллиарддан ортиқ инсоннинг турли кўринишдаги ногиронлиги мавжуд. 2019 йилда Ўзбекистонда 710 мингдан ошиқ имконияти чекланган шахс рўйхатга олинган.
«Инклюзия – бутун жаҳонда илгари сурилаётган ижтимоий концепция. Мазкур концепцияга асосан, саломатлигидан қатъи назар, ҳар бир одамга жамиятдаги моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишга ва ўзини намоён этишга имкон берилиши лозим. «Samarkand Half Marathon» лойиҳасининг асосий мақсади ҳам шу.
Биз бу тадбир орқали жамоатчилик эътиборини маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик муаммосига қаратмоқчимиз.
Марафонни ўтказиш учун бежизга Самарқанд шаҳри танланмаган. Миллий-маданий, тарихий меросимизнинг катта қисми айнан шу ҳудудда жамланган. Бироқ бу маданий бойликлардан ҳамма ҳам бемалол фойдалана оладими? Мазкур лойиҳага тайёргарлик жараёнида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, республикадаги деярли барча маданият муассасалари инклюзив тоифа вакилларига мослашмаган», ─ дейди Саида Мирзиёева.
АОКА директор ўринбосари ўз нутқида инклюзия масаласининг ҳал этилиши узлуксизликни талаб этишини, бу борада амалга оширилаётган ишларни қайд этиб ўтди.
«Инклюзия муҳитини яратиш – осон бўлмаган, узоқ муддатли, режали ишни талаб қиладиган масала. Бунда бир маротабалик тадбирлар билан чекланиш хатодир. Лойиҳалар давомли кўринишда бўлиши лозим.
Мисол учун, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан «Кўнгил кўзи» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳанинг йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий кўникмаларини ошириш, кўзи ожиз ва кўриш қобилиятида муаммоси борларни дарсликлар, бадиий ва илмий адабиётлар билан таъминлаш ишлари йўлга қўйиляпти.
Биз «Кўнгил кўзи» лойиҳасида босқичма-босқич инклюзив шароитни яратишга ҳаракат қиляпмиз», ─ дейди у.

Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, Ўзбекистонда санъат асарларининг кўзи ожизлар учун тактиль, пайпаслаб кўриладиган моделларини ишлаб чиқариш тажрибаси ўрганилаётган бўлиб, Самарқандда бўлиб ўтадиган ярим марафоннинг таълим дастури доирасида ана шундай экспонатлардан иборат кўргазма уюштирилади.
Улуғбек мадрасасида ўтадиган мазкур кўргазмада Савицкий музейидаги машҳур тасвирий асарларнинг тактиль моделлари ҳамда Регистон ансамблининг деталли 3D модели намойиш этилади. Кўзи ожиз меҳмонлар экспонатлар тўғрисида маълумотлар билан рельеф-нуқтали Брайль алифбоси ва тифлоизоҳли аудиогид орқали танишишлари мумкин бўлади.

Халқаро хайрия марафони каби тадбирларнинг имконияти чекланган шахслар учун ўта аҳамиятли эканлигини таъкидлар экан, Саида Мирзиёева анжуман иштирокчиларини бирпасга кўзи ожизлар ҳолатини тасаввур қилишга чақирди.
«Фараз қилинг. Мана ҳозир, йиғилишдан кейин кўзингизни юмиб хонадан чиқиб кетишга тўғри келса. Худди шу ҳолатда зинадан тушиб, транспортга ўтириб, ишга, бошқа манзилга йўл олсангиз. Беш, ўн дақиқа, нари борса ярим соат кўзингизни юмиб яшасангиз... Тасаввур қилиш қийин-а?! Кимлардир эса бу ҳолатда бир умр яшайди», ─ дейди у.

Маълумот учун, халқаро хайрия марафони 1-3 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Унда профессионал ҳамда ҳаваскор югурувчилар, шунингдек, имконияти чекланган шахслар иштирок этади.
Марафон 21, 10, 2 километрга югуриш мусобақалари билан бирга, имконияти чекланганлар учун санъат асарлари кўргазмаси ҳамда кинофестивални ўз ичига олади.
Марафонда иштирок этиш учун қилинган тўловдан тушган маблағлар Ўзбекистондаги маданият ва санъат муассасаларида инклюзив шароитни яратиш учун сарфланади.
Мавзуга оид
15:12
Америка бизнеси Ўзбекистон лойиҳаларига қизиқишни кучайтирмоқда — Саида Мирзиёева
17:54 / 06.06.2026
Қўғирчоқ театри санъати анъаналарини асраб қолиш алоҳида аҳамиятга эга – Саида Мирзиёева
17:36 / 05.06.2026
Саида Мирзиёева UNEP ва GEF раҳбарияти билан учрашди
21:42 / 04.06.2026