Жаҳон чемпиони бўлган қамашилик қизларга пул мукофоти берилди
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида истиқомат қилувчи Нигора Абдуллаева ва Турсуной Жабборова оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати олтин медалига сазовор бўлишди.
Қамаши туманида бир қатор спорт иншоотларининг фойдаланишга топширилиши ёшларни спортга бўлган иштиёқини оширмоқда. Хусусан, оғир атлетика спорт турида туман ёшларининг эришаётган натижалари қувонарли.
2019 йилнинг март ойида АҚШда бўлиб ўтган ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати миллий терма жамоа учун муваффақиятли ўтгани билан эсда қолди. Унда вакилларимиз жами 16 медал жамғаришди.
Мазкур жаҳон чемпионатида қамашилик Нигора Абдуллаева 3 олтин медални қўлга киритган бўлса, Турсуной Жабборова 1 олтин ва 2 кумуш медалларни ўзиники қилганди.
Шунингдек, яқинда КХДР пойтахти Пёнгянг шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида иштирок этиб келган спортчиларимиз юқори натижаларни қайд этишди. Ўз вазн тоифасида Турсуной Жабборова тенгсиз бўлган бўлса, Нигора Абдуллаева кумуш медални қўлга киритди.
«Жаҳон ва Осиё чемпионатларида кўрсатилган ушбу натижалар қизларимизга Олимпиада йўлланмаси учун муҳим рейтинг очколарини келтиргани спортчи қизларимиз олдига янада юксак марраларни қўймоқда», — дейди туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими инспектори Фахриддин Чориев.
Туман ҳокимлигида Токио олимпиадасига йўлланма олишда яхши имкониятларга эга бўлган Т.Жабборова ва Н.Абдуллаева ҳамда бошқа ёш спортчилар билан туман ҳокими Шерали Санаевнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ҳоким спортчи қизларни юксак натижа билан табриклаб, олдинда турган мусобақаларда омад тилади.
Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндорлари Нигора Абдуллаева ва Турсуной Жабборовага туман ҳокимлиги томонидан 5 миллион сўмлик мукофот пуллари берилди.
— Ҳар бир инсон юракдан меҳнат қилса албатта, ўйлаган натижасига эришади, — деди жаҳон чемпиони Турсуной Жабборова. – Мукофот ва туман ҳокимимизнинг ишончлари учун ташаккур айтаман. Асосий мақсадим бўлган олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун тинимсиз меҳнат қиламан.
Мавзуга оид
23:04 / 13.09.2024
Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди
13:15 / 26.06.2024
Қашқадарёда ЙТҲ содир этиб одам ўлимига сабаб бўлган Lacetti қочиб кетди
20:45 / 15.03.2024
Эркаклар ва аёллар ўртасида маҳалла футбол терма жамоалари тузилади
15:27 / 13.02.2024