Орол – 50 йил аввал ҳам дунёнинг қуруқликдаги энг йирик тўртинчи денгизи эди. Афсуски, денгизнинг қуриб бориши ва унинг оқибатлари бугунга келиб дунёнинг энг оғриқли экологик фожиаларидан бирига айланган.

Бўшаб қолган денгиз ўрнидан кўтарилаётган заҳарли тузлар, қум ва чанг-тўзон инсонлар саломатлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий хавф туғдирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Оролбўйи фожиаси оқибатларини бартараф этиш, ҳудуд атрофида биохилма-хилликни таъминлаш учун бир қанча ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, ҳозирда Орол денгизининг қуриган қисмида саксовулзорлар барпо этилмоқда. Шунингдек, Орол муаммосига йирик халқаро ташкилотлар эътиборини қаратган ҳолда, ҳудудга кўпроқ инвестиция жалб қилишга интилмоқда.

Kun.uz Орол денгизи фожиалари ва уни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар қай даражада самара бераётгани юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Борий Алихонов билан суҳбат ташкил қилди.

Оролнинг терморегулятор функцияси умуман тескарисига ишлаяпти

Хўш, Орол денгизини кўрмаган, у ҳақда фақат архив теледастурлар ва бошқа маълумотлар орқали эшитган ҳозирги ёшлар авлоди учун уни қандай тасвирлаш мумкин, уни йўқотишнинг даҳшатлари нималарда кўринади?

Борий Алихоновдан шу ҳақда фикрларини сўрадик.

Борий Алихонов

- Бундан 50 йил аввал ҳам Орол денгизида ўрта ҳисобда 1082 куб км. ҳажмда сув бор эди, майдони эса 68 минг кв.км.га тенг эди. Шунингдек, ҳар йили Оролга 55-58 куб км. сув қуйиларди. Бунинг 2\3 қисми Амударё ва 1 қисми Сирдарёдан қуйиларди.

Оролдаги ҳолат мўътадил пайтларда сув таркибидаги туз миқдори 11-12 гр литрни ташкил қиларди. Бу дегани Орол ҳудудидаги ривожланишга энг мўътадил шароит яратилганди.

Хўш, ҳозир қандай аҳволга тушиб қолдик? Ҳозир бу майдон 10, сув ҳажми эса 15 баробарга камайиб кетган. Оролнинг сатҳи 29 метрга тушиб кетди. Бу ўрта ҳисобда 10 қаватли уйнинг баландлигига тўғри келади.