20:40 / 31.10.2019
1
12575

«Трастбанк»: «Исломий дарча» тамойилининг биринчи босқичи бошланди

Ислом корпорацияси қурол, спиртли ичимликлар, таваккалчиликка асосланган ўйинларни молиялаштирмайди. Хизматдан фойдаланган мижознинг маблағни ислом шариати қонунлари асосида сарфланиши ҳам назорат қилиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини амалга ошириш мақсадида, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ўртасида жорий йилнинг 22 август куни тузилган “Исломий дарча” хизматини банкда тадбиқ этиш бўйича келишувнинг шартларига мувофиқ, 2019 йилнинг 30-31 октябрь кунлари “Трастбанк” раҳбарияти ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси вакиллари ўртасида ўзаро учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки раҳбарлари ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai, IT-лойиҳаларини бошқариш бўйича эксперти Ibrahim Al-Saywed ва лойиҳа менежери Музаффар Низомиддиновлар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, исломий банкчилик – дунёнинг қатор мамлакатларида кенг қўлланиладиган молиялаштириш тамойилларига мос келадиган молиявий хизматларнинг муқобил туридир.

Учрашув давомида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai ва лойиҳа менежери Музаффар Низомиддиновлар банк раҳбарияти ва тегишли бўлим мутахассисларига “Исломий дарча” тамойиллари ва ислом молияси тўғрисида ўз тақдимотларини намойиш қилдилар. 

-      Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ, биринчи навбатда шуни мамнуният билан айтаманки, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрганимиздан жуда мамнунмиз. Сабаби, бизнинг ташрифимизнинг асосий мақсади, “Трастбанк” орқали Ўзбекистонда истиқомат қилаётган мусулмон ва мусулмон бўлмаган аҳолига исломий-молиявий хизматларни таклиф қилиш, шунингдек ташрифимизнинг иккинчи сабаби, Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа буюк уламолар юртига бўлган бизнинг меҳр-муҳаббатимиз, ана шу буюк алломаларимиз ўтган юрт бизни ўзига жалб қилади, - дейди Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси жамоаси раҳбари Mohammed Maher Mannai.

Бизнинг ташкилотимиз ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши жуда шарафли бўлгани учун ҳам “Трастбанк” томонидан “Исломий дарча”ни очиш ташаббусини биз мамнуният билан қабул қилдик. Демак ўз навбатида шуни айтиб ўтишим жоизки, “Исломий дарча” бу фақат мусулмонлар учун эмас, балки мусулмон бўлмаган дин вакиллари учун ҳам қўлланилади. Исломий молиянинг асосий мақсадларидан бири, бу реал иқтисодиётга таъсир қилиш ва унинг ўсишини таъминлашдан иборат. Шу мақсадда “Трастбанк” орқали “Исломий дарча” фаолиятини йўлга қўйишни кўзда тутганмиз. Албатта, бу мамлакатда банк хизматларидан фойдаланмаётган мижозлар учун ҳам қўл келади. Чунки, бу “Исломий дарча”ни очиш орқали мижозларга ва жисмоний шахсларга уларнинг эътиқодидан келиб чиққан ҳолда муқобил молиявий хизмат турларини таклиф қилиш ҳамда уларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш мумкин бўлади.

Бу жуда катта ташаббус ва республика тарихида биринчи маротаба амалга оширилаяпти. Мисол учун айтадиган бўлсам, Ислом тараққиёт банки ва Ислом молия корпорацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларни шоҳиди бўлмоқда. Шу навбатда республика бўйича исломий молияни ривожлантириш соҳасида ҳам жуда катта ишлар амалга оширилмоқда ва аминманки, келажакда исломий молияни ривожланишида Ўзбекистон аввалгидек буюк уламолари ва ислом маданияти маркази бўлгани каби “Исломий молия маркази” сифатида фаолият олиб боради. Ишончим комилки, мамлакатда бунга кенг имкониятлар яратилган ва бу ишларни банк мутахассислари билан бирга амалга оширишда бизнинг ташкилот қўлдан келганча ёрдам беришга тайёр.

Яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишни истардим, “Трастбанк” номи ҳам бежиз эмас,  яъни бунинг таржимасини “Ишонч” банк деб тушунадиган бўлсак, бизнинг мақсадимиз мижозлар тарафидан “Исломий дарча”га бўлган ишончни ҳам таъминлашдан иборат. Бу қандай таъминланади? - деган савол туғилиши табиий. Албатта, “Исломий дарча”нинг транзакциялари, банкнинг анъанавий транзакциялари фаолиятидан ажратилган ҳолатда бўлади. Яъни, информацион технологияси, бухгалтерия ҳисоби ва ҳоказо. Асосий мақсад, шариат тамойили ва қоидалари асосида исломий-молия хизматлари билан таъминлашдан иборат.

“Трастбанк” орқали “Исломий дарча”нинг ишга тушиши мамлакатда иқтисодиётни диверсификация қилишга сабаб бўлади. Иқтисодиётда мамлакат аҳолисига муқобил молиявий хизматларнинг кўрсатилиши аҳоли учун кўпгина қулайликлар яратади, бу эса иқтисодиётнинг тўлақонли ривожланишига туртки бўлади.

Мисол учун айтадиган бўлсам, ҳозирги вақтда “исломий молия” ва “исломий банкчилик” Сингапур, Англия ва бошқа ривожланган давлатларда тез суръатлар билан ривожланмоқда. Сингапурнинг мусулмон аҳолиси 5 фоиз бўлишига қарамасдан, исломий банкчиликка бўлган талаб ва эҳтиёж юқори. Шундан келиб чиққан ҳолда мен аминманки, Ўзбекистоннинг 95 фоиз аҳолиси мусулмонларни ташкил этган мамлакатда ислом молияси бўйича катта имкониятлар мавжуд.

Бугунги кунда Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки раҳбарлари томонидан ҳам ислом молияси қўллаб-қувватланмоқда ҳамда уни ривожлантириш билан шуғулланувчи алоҳида департаментлар ташкил этилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз Ўзбекистон Республикасида ҳам бу йўналишда ишлар ривожланишига ва “Ислом молия маркази” бўлишига қаттиқ ишонамиз ва бунга аминмиз, - дея сўзини якунлади Mohammed Maher Mannai.

Шунингдек меҳмон Исломий дарча хизматларига оид музораба, муробаҳа, ижара, такафул каби атамалар изоҳини ҳам батафсил тушунтириб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкида “Исломий дарча” хизматининг жорий этилиши, банк мижозларига исломий тамойилларга асосланган чакана ва корпоратив банк хизматлари ҳамда маҳсулотларини таклиф этувчи янги молия-банк хизматларидан муваффақиятли фойдаланиш имконини беради.

Учрашув сўнгида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ўртасида “Исломий дарча”ни ишга тушириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

Аброр Зоҳидов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top