Ўзбекистонда исломий молияга доир қонунчилик пакети президент томонидан имзоланди. Kun.uz бу жараённи мунтазам ёритиб келмоқда. Қонунчилик тайёр экан, энди навбатдаги савол қуйидагича: янгича фаолият турига кимлар биринчилардан бўлиб қадам қўйди? Маълум бўлишича, бу йўналишда биринчилардан бири – "Трастбанк" ХАБ.

Аввало, янги қонун нега керак бўлгани ҳақида икки оғиз.

Исломий молия шу пайтгача “ихтиёрий ташаббус” билан юриб келди. Амалда бу соҳада ишлаш учун банклар бир вақтнинг ўзида бир неча тўсиққа дуч келар эди:

-        банклар учун савдо операцияларига чекловлар (ҳолбуки, муробаҳа каби маҳсулотлар айнан актив/товар орқали ишлайди);

-        ўнғайсиз солиқ механизми: қўшимча тўловларга ҚҚС каби юкламалар исломий маҳсулотни қимматлатиб қўярди;

-        лицензиялаш, ягона стандарт ва шариат назорати институти йўқ эди: қандай маҳсулотни “исломий” деб аташ мумкинлиги, уни ким текшириши ва қандай ҳисоб юритилиши масаласи ҳал қилинмаган эди.

"Трастбанк" ХАБ каби банклар шундай шароитда исломий молияни жонлантириб келди. Янги қонунчилик пакети вазиятни ўзгартиради: исломий молия энди эпизодик фаолиятлар эмас, қоида ва институтлар билан ишлайдиган йўналишга айланиши керак.

Фото: Трастбанк

2026 йил 25 март куни Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида исломий молия хизматларини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилди. Маълум қилинишича, Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилади. Улар стандартлар ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш, баҳсли масалаларга изоҳ бериш, шартномалар ва ички ҳужжатларни кўриб чиқиш, мувофиқлик устидан назоратни таъминлаш билан шуғулланади.

Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида "Трастбанк" ХАБ хусусий акциядорлик банки бошқарув раиси С.Нормуҳамедов бошчилигидаги делегация аъзолари Жидда шаҳрида Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси делегацияси билан музокалар олиб борди. Унда ислом молияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Бундан ташқари, "Трастбанк" ХАБ ва Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида 20 млн долларлик битим имзоланди. Унга мувофиқ, мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш тизимли равишда жадал давом эттирилади. Банкда кўрсатилаётган молиявий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Натижада озиқ-овқат, текстил, фармацевтика, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа шу каби соҳалар янада кенгайиб, янги иш ўринлари яратилади.