Иқтисодиёт | 19:50 / 01.11.2019
8740
3 дақиқада ўқилади

«Йил ўртасида бюджет тақчиллиги ошиб кетди» — Молия вазири ўринбосари кўрилган чоралар ҳақида гапирди

9 ойда 4,5 трлн ўрнига 7,3 трлн сўм ишлатилган. Бюджет тақчиллиги йил охиригача ўсиб борадими?

31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат дастурининг 2019 йил III чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи тингланди.

Мажлисда депутат Қодир Жўраев 2019 йилнинг 9 ойи давомида давлат бюджети тақчиллиги 7,3 трилион сўмни ташкил этганига эътибор қаратди.

Унинг айтишича, ўтган йили депутатлар томонидан тасдиқланган бюджетнинг дефицит қисми параметрлари 4,5 трилиондан ошмаслиги белгилаб қўйилган бўлиб, ҳозирги кўрсаткич белгиланган параметрлардан анчагина ошиб кетганини кўрсатмоқда. Депутат ҳукуматдан дефицит тақчиллиги йил охиригача ошиб бориши ёхуд камайиши, бунинг нарх-наволарга қандай таъсир қилиши бўйича изоҳ беришни сўради. Унинг саволига Молия вазири ўринбосари Шоҳруҳ Шораҳметов жавоб қайтарди.

«Ростанам йил ўртасида бюджет тақчиллиги ошиб кетган эди. Шунинг учун биз айрим чораларни кўрдик. Дефицитни қоплаш учун президент қарори билан учта йўналишдаги манбага рухсат берилган. Биринчиси, кредитлар ҳисобидан. Иккинчиси, давлатнинг қисқа муддатли облигацияларини чиқариш ҳисобидан. Учинчиси, хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ҳисобидан. Биз мана шу учта инструментни ишлатиб, йил давомида дефицитни камайтириб бордик. Учинчи чоракдаям раҳбариятга қўшимча таклифлар тайёрладик, яъни самарасиз харажатларни 1,4 трилион сўмга қисқартиришга ҳаракат қилдик. Бу дегани вазирлик ва идоралар томонидан сўралган шунча миқдордаги харажатларни қабул қилмадик. Бюджет тақчиллигини камайтириш бўйича ишлар йил охиригача давом эттирилади», дея Молия вазири ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шоҳруҳ Шораҳметовнинг таъкидлашича, бюджет тақчиллиги мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлиги, нарх-наво сиёсатига таъсири, рақамларга боғлиқ. Дефицит катта бўлиб кетадиган бўлса, бу макроиқтисодий вазиятга жиддий таъсир этиши мумкин. Чет эл тажрибасига кўра бюджет тақчиллиги 3 фоиз атрофида бўлса, буни чидамли рақам деса бўлади, уни бемалол бошқариш мумкин. Шу сабабли Молия вазирлиги томонидан ҳар хил инструментлар ёрдамида дефицитни камайтириб борилган.

«Бюджет тақчиллиги кўплаб мамлакатларда учрайди, бу табиий ҳол. Ўтган йили ҳам бюджетни тасдиқлаш пайтида дефицит билан келиб, йил охирига бориб профицит бўлди. Чунки бизда кўпроқ даромадлар IV чоракда тушади. Шунинг учун вақтинчалик тақчиллик бўлиши мумкин, лекин асосий даромадлар декабрда тушиши ҳисобига дефицит кескин камаяди деб умид қиламиз», дейди Шоҳруҳ Шораҳметов.

Мавзуга оид