Депутат: «ИИВ раҳбарияти марҳум йигитнинг оиласидан лоақал бир оғиз кечирим сўраб қўйса яхши бўларди»
Андижонда фуқаро Алижон Абдукаримов ички ишлар ходимлари томонидан қийноққа солинганидан сўнг вафот этгани ҳақидаги хабар жамоатчилик орасида жиддий норозиликка сабаб бўлмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қодир Жўраев ва Расул Кушербаевлар ушбу вазият бўйича ўз фикрларини билдирди.
Қодир Жўраевнинг сўзларига кўра, Андижонда ички ишлар органлари билан боғлиқ юз берган мудҳиш ҳолат такрорланмаслиги учун айбдорларни жавобгарликка тортишнинг ўзигина кифоя қилмайди.
“Жазолаш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Озгина вақтдан сўнг шу каби ваҳшийлик бошқа жойда яна содир этилмаслигига кафолат йўқ. Шу боис, ички ишлар органларида тизимли ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилиши зарур. Ишни ходимларни аттестациядан ўтказишдан, уларнинг сонини оптимизация қилишдан бошлаш мақсадга мувофиқ.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти марҳум йигитнинг оиласидан лоақал бир оғиз кечирим сўраб қўйишса яхши бўларди”, - дейди Қ. Жўраев.
Ўз навбатида, Расул Кушербаевнинг билдиришича, ҳар бир тизимдаги камчилик ёки ютуқ бевосита ушбу соҳага раҳбарлик қилаётган шахсларнинг қобилияти, халққа садоқат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ишни ташкил қила олишига боғлиқ.
“Афсуски жамоатчиликка маълум бўлиб қолаётган сўнгги воқеалар (аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин) ички ишлар тизимига раҳбарлик қилиб келаётган шахсларнинг фаолиятига бўлган ёндашувни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Ҳозирги вазиримизни халқпарвар, деб эшитганман. Аммо бўлиб ўтган ҳолатлар уларнинг истеъфо вақти етиб келганини кўрсатяпти.
Ҳурматли вазиримиз халқ олдида тизимнинг обрўси тушиши, одамларнинг эътирозлари, ходимларнинг босар-тусарини билмай ИИБда қийноқ, ўлдириш каби ишларни “табиий ҳолга айланиб” боришида энг минимал даражада бўлсин айбдор. Ва биз бу каби ишларни уларнинг раҳбарлик даврида кўпроқ эшитяпмиз.
Ҳозир энг муҳими тизимни фуқаро билан инсон сифатида муносабат қила оладиган даражада ислоҳ қилишга тайёр, Президент ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қилинаётган ишларни юқори даражага олиб чиқишга қодир кадрлар билан тўлдириш ва ортиқча юклардан халос этиш зарур.
Бизга халқ берган ваколат, Президент билдирган ишончни инсон ҳуқуқларини бузиш эмас, таъминлаш йўлида ишлатиб, халқни рози қилиш учун меҳнат қиладиган “тили ва иши бир” қонун ҳимоячилари керак”, - дейди у.
Мавзуга оид
08:21
Андижон вилояти ҳудудида ер силкиниши кузатилди
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
15:16 / 18.12.2024