Мамлакатимизда кўпгина соҳалар каби олий таълим тизими ҳам жиддий ислоҳ қилинмоқда. Ҳозирги кунда олий таълимга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайди. Инновацион фикрлайдиган талаба ёшларни тарбиялаш борган сайин муҳим стратегик вазифага айланмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев.

Олий таълим муассасалари ва уларга қабул қилинувчи талабалар сони тобора ошмоқда. Айниқса, қабул квоталарининг салкам икки бараварга (2015 йилдаги 58 мингдан 2019 йилда 102 минггача) оширилиши олий маълумотли бўлиш илинжидаги ёшларнинг хоҳиш–истакларини рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди. Бу каби сон ўзгаришлари, ўз навбатида, келгусида сифат ўзгаришлари учун қулай замин яратмоқда.
Бир сўз билан айтганда, тизимда эскилик сарқитларини бартараф этишга қаратилган кўпдан–кўп ислоҳотлар амалга оширилмоқда, дейди депутат.
Аммо, унинг сўзларига кўра, бугунги шиддаткор замонда буларнинг ўзи етарли эмаслигини тизимда ҳали–ҳануз қатор муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам кўрсатиб турибди. Тўғри, ушбу бир қисм муаммоларнинг ечими ОТМнинг моддий таъминоти, яъни молиявий ресурслар билан изоҳланади. Бироқ аксарият муаммолар ва уларнинг ечими инсон омилига боғлиқ бўлиб қолаётганлиги таажжублидир.
Энди бугунги кунда тизимда ҳал этилмаган асосий муаммолар хусусида. Аксарият профессор–ўқитувчиларнинг фаолияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди, уларнинг аксарияти ўз устида ишламайди ва қотиб қолган. Профессор–ўқитувчилар учун ташкил қилинган малака ошириш курслари самарасиз ва уларда дарс бераётган профессура савияси паст. Ўз номи билан қайта тайёрлов курслари бўлса-да, улардан ўтган профессор–ўқитувчилар билим даражаси деярли ўзгармаяпти.
Қатор ОТМда коррупция ва тамагирлик ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Кириш имтиҳонларида (айниқса, ижодий имтиҳонлар, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш учун ўтказиладиган имтиҳонларда) таниш–билишчилик, коррупция ва тамагирлик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Аксарият ОТМда жамоатчилик назорати ўрнатилмаган, ОТМ қошидаги Жамоатчилик кенгашлари номигагина тузилган ва амалда фаолият юритмайди.
Яна бир долзарб масала – магистратуранинг ҳамон эски тизимда қолаётганлиги, ижобий ўзгаришларнинг деярли йўқлиги, магистратурага кириш имтиҳонлари билан Давлат тест маркази эмас, балки ОТМнинг ўзи шуғулланаётганлиги ва шу боис, турли қаллобликлар, коррупциоген ҳолатларнинг сақланиб қолаётганидир.
















