Қамчиқ довонида бир кунда иккита йўл-транспорт ҳодисаси юз берди
2 ноябрь куни соат 03:30ларда “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси навбатчилик қисмига Қамчиқ довонидан “Водий-Тошкент” йўналишида ҳаракатланган, 1980 йилда туғилган Н.О. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина А-373 “Тошкент-Ўш” автомобил йўлининг 204,1 кмида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги ҳандакка (кюветга) тушиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушди. Бунинг оқибатида машина салонидаги 3 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳати олган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида маълум қилинди.
Мазкур вазият бўйича “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармасининг қутқарувчилари воқеа жойига тезкорлик билан етиб боришган. Жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда Ангрен марказий шифохонасига етказилган.
Шу куннинг ўзида, яъни тонги соат 04:51 ларда Қамчиқ довонидан “Водий-Тошкент” йўналишида ҳаракатланган, 1999 йилда туғилган Н.М. бошқарувида бўлган “Жигули” русумли автомашина А-373 “Тошкент-Ўш” автомобил йўлининг 222 кмида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги ҳандакка (кюветга) тушиб кетган.
Воқеа жойига тезкорлик билан “Бешқўл” навбатчилик масканидан қутқарувчилар чиқиб, жароҳатланган йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган ҳамда Ангрен марказий шифохонасига етказишган.