Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ҳафта давомида қандай об-ҳаво кузатилади?
Кеча, 3 ноябрь куни, Ўзбекистоннинг катта қисмида кўпроқ октябрь ойи учун хос бўлган илиқ ва очиқ об-ҳаво кузатилди. Ҳарорат кундузи 22-25 даража илиқ бўлди, бу шу куннинг меъёрий кўрсаткичларидан 3-5 даражага юқори.
«Ўзгидромет»нинг ёзишича, мамлакат шимолига Урал ҳудудидан салқин ҳаво оқими кириб келишни бошлади, Хоразм вилояти, Қорақалпоғистонда ёғингарчилик, Устюртда эса биринчи қор ёғди. Ушбу жойларда ҳарорат 10-15 даража, Устюртда айрим жойларда 0 даражагача пасайди. Кечаси совуқ оқим республиканинг барча ҳудудларига тарқалди, мамлакат бўйлаб ёмғир ёғиб, айрим жойларда жалага айланиб ҳарорат кескин пасая бошлади.
Билдирилишича, бугун ёғингарчилик тўхтайди, ҳарорат 8-10 даражани, шимолда 3-8 даражани ташкил қилади.
5 ноябрдан 9 ноябргача Ўзбекистонда совуқ антициклон ҳукмронлик қилади, об-ҳаво кам булутли бўлиб ёғингарчилик бўлмайди, фақат кечаси ва 5 ноябрь куни тонгда Сурхондарё вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиш эҳтимоли сақланиб туради.
Кечаси ҳарорат 0-5 даража илиқ, атрофида бўлади, 5-7 ноябрда илк кузги аёз кузатилади, кундузги ҳарорат 5-7 ноябрда 8-13 даража, 8-9 ноябрда 10-15 даража илиқ бўлади.