Ўзбекистон | 11:32
2495
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида иссиқ кучайиши кутилмоқда

Кундузги ҳарорат +41…+44 даражагача кўтарилади. Кечалари эса ҳаво дим бўлиб, +23…+33 даража атрофида бўлади. Айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Иш ҳафтаси охиригача иссиқ аста-секин кучайиб боради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Душанба кундузи Ўзбекистон бўйича иссиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийсида айрим жойларда куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +38…+41 даража атрофида, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+44 даражагача бўлади.

Ҳафта давомида кундузги ҳаво ҳарорати +41…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+44 даражагача кўтарилади. Кечалари ҳаво дим бўлиб, +23…+28 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +28…+33 даража атрофида бўлади.

Шамол шарқдан 7–12 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

13–14 июл кунлари айрим тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 13 июлда Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона водийсида тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида кам булутли об-ҳаво кузатилади. Душанба ва сешанба кундузги ҳаво ҳарорати +38…+40 даража, 15–17 июлда +40…+43 даража, кечалари эса +25…+28 даража бўлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид