Ўзбекистон | 08:02 / 06.11.2019
6961
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ солиқ органлари тизимидаги бизнес жараёнларни қайта кўриб чиқишни бошлади

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Давлат солиқ қўмитаси солиқ органлари тизимидаги бизнес жараёнларни қайта кўриб чиқишни бошлади. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Абдулла Азизов бошчилигидаги ишчи гуруҳ мамлакатимизнинг барча даражадаги солиқ идораларининг бизнес жараёнларини ўрганишга киришди.

Пойтахтнинг Яшнобод тумани давлат солиқ инспекцияси мувофиқлаштирувчи марказ сифатида танланиб, бу ерга инспекциялар, бошқармалар ва ДСҚ мутахассислари жалб қилинмоқда.

Солиқ идоралари ходимлари солиқ тўловчилар билан учрашувлар давомида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, бизнес жараёнларни янада оптималлаштириш юзасидан фикр алмашмоқда.

Иш жараёнини оптималлаштириш ва стандартлаштириш бўйича ўтказилаётган мазкур ўрганишлар натижасида келгусида солиқ тизими янада автоматлаштирилади. Солиқ соҳасининг бизнес жараёнларини уйғунлаштирадиган ягона платформа яратилади ва республиканинг барча солиқ органларида жорий этилади.

Дастурий маҳсулотлар инсон омилини имкон қадар камайтириш, мамлакат солиқ органларини мижозлар учун барча қулайликларни яратишга қаратилган сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, дейилади хабарда.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид