Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маблағ етишмовчилиги сабаб «Қизил китоб»нинг янги нашри минг нусхада чоп қилинади
Бугун, 6 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси мутасаддилари иштирокида Ўзбекистон «Қизил китоби»нинг янги нашрини тайёрлаш борасида олиб борилаётган тадқиқот ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда 2019 йилнинг охирига қадар нашр қилиниши режа қилинаётган янги таҳрирдаги «Қизил китоб» ва уни чоп этишнинг сабаблари бўйича маълумот берилди.
Хусусан, Фанлар академияси вице-президенти Бахтиёр Ибрагимовнинг сўзларига кўра, «Қизил китоб»нинг амалдаги нашри 2009 йилда нашр этилгани сабабли, ундаги мавжуд маълумотлар «маънан эскирган» эди ва шу туфайли сўнгги 10 йил мобайнидаги тадқиқот натижалари умумлаштирилиб, ўсимлик турларининг бугунги кундаги замонавий ҳолати бўйича маълумотларни кенг оммага тақдим этиш учун китобнинг янги нашрини чоп этиш зарурати туғилган.
Тадбирда журналистлар томонидан «Қизил китоб»га киритилган ҳайвон ва ўсимликлар аҳоли томонидан кўп ҳолларда уларнинг камёблиги борасида етарли даражада хабардор эмаслиги учун ҳам йўқ қилиниши, аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш учун тарғибот материалларини кўпроқ чоп этиш борасида таклиф билдирилди.
«Бундай тарғибот материалларини чоп этиш ва молиялаштириш Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Фанлар академияси бу масаланинг фақат илмий томонига жавоб беради, яъни ҳисоб-китобларини олиб боради. Тўғрисини айтсам, бизнинг бундан бошқа имкониятимиз ҳам йўқ.
Албатта, 33 миллион аҳоли учун бор йўғи 1000 нусхада чоп қилинаётган «Қизил китоб» бу – жуда оз. Сабаби, бу ерда аҳолини экологик маданиятини ошириш масаласи ҳам турибди.
Қачондир академияга ҳам шундай лойиҳалар учун маблағ ажратилар, лекин ҳозирча ҳомий қидиришга мажбур бўлаяпмиз», дея ФА вице-президенти Бахтиёр Ибрагимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълумот учун, «Қизил китоб» – бу ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот олами вакилларини ҳимояга олиш ҳақида огоҳлантирувчи сигнал. Бу китоб – камайиб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонлар турларининг ҳозирги ҳолати тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирувчи асосий хужжатдир.
Мавзуга оид
10:21 / 13.05.2026
Сурхондарёда Қизил китобдаги қушни овлаб, истеъмол қилганлар аниқланди
14:39 / 06.05.2026
Қашқадарёда балиқчи табиатга етказган зарар миллион долларга баҳоланди
13:52 / 02.03.2025
Фарғонада Қизил китобга киритилган қушни ноқонуний сақлаб келган фуқаро ушланди
21:13 / 31.10.2024