Ўзбекистон | 18:10 / 07.11.2019
7083
2 дақиқада ўқилади

Мактаб шаҳодатномаси ҳақиқийлигини QR-код орқали текшириш имконияти яратилди

Бугун, 7 ноябрь куни Халқ таълими вазирлиги биносида тизимда амалга оширилаётган ишлар, бажариладиган устувор вазифалар ахборотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз ҳисоботи билан қатнашди, янгиликлар ҳақида хабар қилди.

«Умумтаълим тизимида ҳам қатор ислоҳотлар қилинди. Жумладан, шаҳодатнома беришда ҳам. Эндиликда ундаги маълумотлар ўзбек, рус, инглиз тилларида босма чиқартирилади. Илгари шаҳодатнома матни битта тилда ёзилган. QR-код орқали ўқувчи ҳақида маълумот олиш мумкин. ОТМга ҳужжат қабул қилувчи комиссия шу код ёрдамида шаҳодатнома ҳақиқийлигини текшира олади. Бунда инсон факторини камайтиришга ва коррупцион ҳаракатлар олдини олишга эришилади. Келгусидаги режаларга келсак, ўқитувчилар тест натижаларига кўра, индивидуал малака оширишга (on job training) жалб этилади.

309та мактаб директорлари менежерлик курсларида ўқитилади. Ўқитувчиларнинг дарс тақсимотлари қайтадан кўриб чиқилади ва юқори натижага эришган педагогларнинг дарс соатлари оширилади», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шерзод Шерматовнинг қўшимча қилишича, умумтаълим мактабларида янгича «Тарбия» фани жорий этилади. Шунингдек, таълимда АКТни кенг жорий этиш бўйича «IT-Nation» тизими лойиҳаси амалга оширилади.

Мавзуга оид