Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вилоятлардаги қатор шаҳарлар ва Тошкентдаги туманларда солиқларни тўлиқ ундириш бўйича янги тизим жорий қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Давлат раҳбари йиғилиш давомида жойларда тадбиркорлар иштирокида янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувватларини яратишга кучли туртки бериш кераклигини таъкидлади.
«Бугунги кунда 49 туманда ишлаб чиқариш ва 63 туманда хизмат кўрсатиш ҳажмининг жуда пастлиги – улардаги мавжуд салоҳият, ер, хомашё ва меҳнат ресурслари тўлиқ сафарбар қилинмаганидан далолат беради.
Шунинг учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги раҳбарлари бошчилигида жойларда саноат ва хизматларни ривожлантириш бўйича доимий ишчи гуруҳлар ташкил қилинди ва уларга тармоқлар бириктирилди.
Ушбу тузилмаларга тармоқлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар салоҳиятини ўрганиб, 2020 йилда янги қувватлар ташкил этиш, инфратузилма ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда республика бўйича қарийб 1,5 мингта давлат мулки ва давлат улуши мавжуд объектларини сотиш ҳамда 70 мингта тадбиркор фаолиятини тиклаш муҳимлиги қайд этилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Давлат божхона қўмитасига келгуси йил 1 январдан бошлаб экспорт-импорт операциялари учун зарур рухсатнома ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали электрон шаклда олинишини йўлга қўйиш топширилган.
Бизнес-омбудсман бошчилигида тузилган махсус ишчи гуруҳга сўнгги уч йилда тадбиркорлар томонидан импорт қилиниб, бугунги кунда ишлатилмай турган 305 миллион долларлик ускуналарни тўлиқ ишга тушириш юзасидан кўрсатма берилган.
2020 йилда «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистоннинг ўрнини янада яхшилаш, жумладан, рухсатнома бериш ва сертификатлаш тизимини соддалаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланган.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожи, ижтимоий соҳаларнинг узлуксиз қўллаб-қувватланиши учун давлат бюджети ва уни шакллантирадиган тушумлар муҳим роль ўйнайди.
Шу нуқтайи назардан видеоселектор йиғилишида Солиқ қўмитасига ноябрь-декабрь ойларида салоҳиятига нисбатан солиқ тушумлари етарли бўлмаган Нукус, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қарши, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Урганч, Қўқон шаҳарлари ҳамда Зангиота, Ғиждувон, Ургут, Хазорасп ва Тошкент шаҳрининг ўн битта туманида солиқларни тўлиқ ундириш бўйича янги тизим жорий қилиш топширилди.
«Хабарингиз бор, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, хорижий ва миллий экспертлар иштирокида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.
Солиқ сиёсатида олиб борилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичи солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришдир.
Шу муносабат билан, замонавий усуллар ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, яширин фаолият юритиш орқали солиқдан қочишнинг олдини олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бинобарин, барча соҳаларда «хуфиёна иқтисодиёт» кўламларини кескин қисқартириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиб, ижроси таъминланади. Жумладан, қурилиш саноатида солиқдан қочишнинг олдини олиш учун қўшилган қиймат солиғини аниқ ҳисоблаш тизими жорий этилади», дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бўйлаб ишга туширилаётган янги 145та йирик қувватларда шу йилнинг ўзида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, улар бюджетга қўшимча даромад олиб келишини назоратга олиш зарурлиги қайд этилди.
«Маълумки, давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлашда аҳоли ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун олинган тўловлар ҳам муҳим роль ўйнайди.
Аввал хабар қилганимиздек, 2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетни шакллантириш тартиби тубдан ўзгаради, ҳудудлар ўз сарф-харажатларини мустақил равишда ҳал қилади. Шу муносабат билан, энди ҳокимлар маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш учун кўпроқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этиши, солиқларни мустақил равишда йиғиши ва бу борадаги масъулиятини кучайтириши керак бўлади», дея қайд этилган президент матбуот хизмати хабарида.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар ва ҳокимларнинг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.
Мавзуга оид
12:30 / 25.06.2026
Йирик лойиҳаларда маҳаллий қурилиш материаллари улуши оширилади
11:45 / 25.06.2026
Президент: Ҳар бир инвестиция келишуви лойиҳа ва янги иш ўрнига айланиши шарт
17:49 / 24.04.2026
«Гўшт ва картошкадан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак» – президент
16:59 / 24.04.2026