Олтиариқда юз берган ёнғин оқибатида бешикда бўлган чақалоқ вафот этди
2019 йилнинг 7 ноябрь куни соат 13:24да Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Навбаҳор МФЙ Янгиқўрғон кўчасида жойлашган 45-уйда ёнғин содир бўлган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотида айтилишича, ёнғин оқибатида 2018 йилда туғилган қизча тутундан заҳарланиб, воқеа жойида ҳалок бўлганлиги ҳақида Олтиариқ туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Тез тиббий ёрдам бўлимидан туман Ички ишлар бўлимига хабар берилган.
Тезкор-тергов гуруҳи ходимлари томонидан воқеа жойига бориб, ҳодиса юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилганда, яшаш хонада носоз электр иситиш мосламасини ёқилган ҳолда назоратсиз қолдирилиши натижасида уйнинг 5 кв.метр майдонда пол қисми ва ички жиҳозлари ёниб зарарланганлиги, ачинарлиси шу хонада бешикда бўлган чақалоқ тутундан заҳарланиб, вафот этганлиги маълум бўлган.
“Азиз ҳамюртлар! Қўлбола ва носоз газ, электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг, иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг, ёш болаларни ва гўдакларни уйда қаровсиз, назоратсиз қолдирманг”, - дейилади маълумотда.