Солиқ қўмитаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлган фармон лойиҳаси бўйича тушунтириш берди
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида президентнинг «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
«Сўнгги кунларда ушбу ҳужжат ижтимоий тармоқлар ва электрон оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган қарздорлик учун 10 фоиз ва 20 фоиз миқдоридаги жарималарни 40 фоиз ва 60 фоизгача ошириш режалаштирилгани ҳақида маълумот тарқалди», - дейилади Давлат солиқ қўмитасида хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори, таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов сўнгги вақтларда тадбиркорлар ишига сезиларли даражада халақит бераётган, мантиқсиз бўлган солиқлар ҳақида ўз фикрини билдирганди. Унинг фикрича, амалдаги солиқ сиёсати бизнесни заифлаштиради ва тадбиркорларнинг давлатга бўлган ишончини пасайтиради.
Солиқ қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳужжат лойиҳасида жарималарни эмас, балки муддатларни ўзгартириш кўзда тутилган.
«Эски тартибда, дастлабки 180 кун - бу жарима солинмайдиган муддат. Яъни, агар тадбиркор ўз товарларини чет элга юборса ва жўнатилганидан кейин 180 кун ичида унинг учун пул оладиган бўлса, жаримага тортиш мумкин эмас. Агар кейинги 180 кун ичида ҳам пул олинмаса, жарима дебиторлик қарзининг 10 фоизини ташкил қилади, кейинги 180 кун учун - 20 фоиз жарима ва охирги 180 кун учун - 70 фоиз жарима. Умуман олганда, ташқи савдо операциясини амалга ошириш муддати - 2 йил», - дейилади солиқ идораси маълумотида.
Янги фармон лойиҳасида бу муддатни фақат ярим йилга қисқартириш ва жарималар бўйича фоизни қайта тақсимлаш кўзда тутилган. Дастлабки 180 кунни жарима олинмайдиган муддат сифатида қолдириш мўлжалланмоқда. Иккинчи ярим йиллик учун 40 фоизли жарима, кейинги ярим йил учун эса умумий қарзнинг 60 фоизи миқдорида жарима киритиш режалаштирилган. Яъни, биринчи ва иккинчи ҳолатда жарималар бўйича умумий бир хил фоиз олинади.
Бундан ташқари, хорижий давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда жарима қўлланилганидан кейин 90 кун ичида республикага чет эл валютаси келиб тушса ёки олиб кирилса ҳамда товарлар расмийлаштирилса, жаримани давлат бюджетидан қайтариш амалиёти мавжуд. Бу президентнинг 2019 йил 24 октябрдаги фармонида кўзда тутилган.
«Мамлакатдан пул олиб чиқишнинг аниқ мисолини кўриб чиқамиз. «Universal Invest Service» корхонаси (солиқ сирини сақлаш мақсадида номи ўзгартирилган) чет элдан товарларни етказиб бериш бўйича импорт шартномаси тузган. 2019 йил 1 январда ушбу операция бўйича дебиторлик қарзи 450 минг долларни ташкил этган. Шунга қарамай, 2019 йилда фирма яна 120 минг долларлик 18та шартнома имзолаб, чет элга маблағ юборди. Натижада, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, дебиторлик қарздорлиги 570 минг долларни ташкил этди. Чет эл валютасининг мамлакатдан чиқиб кетиши ва муддати ўтган дебиторлик қарзининг ўсиши кўпинча шубҳали оффшор зоналарга маблағларни ўтказиш билан боғлиқ. Агар 2018 йилда 1300дан ортиқ бундай ўтказмалар амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг январь-август ойларида уларнинг сони 1445тагача кўпайди», - дея таъкидлаб ўтишди Давлат солиқ қўмитасида.
Матбуот хизматидан айтишларича, муҳокама қилинаётган фармон лойиҳаси ускуналарни сотиб олиш ёки сотиш билан боғлиқ битимларни ўз ичига олмайди.
«Барча импортнинг 45 фоиздан кўпроғи асбоб-ускуналарга тўғри келиши ҳисобга олинса, ташқи савдо операциялари бўйича ускуналарни сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ қатъий муддатлар ҳамда санкциялар ўрнатилмаганини тадбиркорлар билиши муҳимдир. Бу алоҳида ташқи савдо операциясининг иштирокчилари сифатида тўғридан-тўғри сотувчи ва харидор томонидан ускуналарни ишлаб чиқариш муддатларига қараб тартибга солинади», - дея таъкидлаб ўтишди солиқчилар.
Солиқ қўмитаси вакилларининг фикрича, бутун дунёда валюта маблағларининг келиб тушмаслигига қарши курашиш амалиёти Ўзбекистонга қараганда анча қаттиқроқдир. Бунда, масалан, МДҲ давлатлари ҳам бор - Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон. Хусусан, Россия ва Қозоғистонда муддати ўтган дебиторлик қарздорлик учун ҳатто жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Шу билан бирга, ярим йил ўтгач солиқ органлари контрагентдан қарз суммасининг 75 фоизидан 100 фоизигача жарима ундиради.
«Умуман олганда, статистик маълумотларга кўра, бундай жавобгарлик чораси фақат ташқи савдо операцияларидаги иштирокчилар умумий миқдоридан 8 фоизига нисбатан қўлланилади. Агар у жорий этилса, унда бу уларнинг тўлов интизомини тартибга солади», - дея хулоса қилган ДСҚ.
Мавзуга оид
21:19 / 07.07.2021
Жисмоний шахслар ЯТТ сифатида таксичилик қилганда қанча солиқ тўлайди?
10:06 / 02.07.2021
130та давлат халқаро солиқ тизими киритилишини маъқуллади
11:27 / 27.06.2021
Соядаги иқтисодиёт: Одамлар нега солиқдан қочиш ва яширин даромад олишга интилишади?
15:37 / 18.06.2021