Жамият | 23:13 / 09.11.2019
18592
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда бюджетга тушиши лозим бўлган 800 млн сўмдан ортиқ пулни ўзлаштириб юборганларга ҳукм ўқилди  

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар судида судланувчилар Атабек Эшчанов, Зилола Матякубоваларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Атабек Эшчанов «TURONBANK» омонат касса назоратчиси Зилола Матякубова билан 2017 йилнинг февраль ойидан 2019 йил март ойига қадар бўлган вақт оралиғида Хоразм вилоят ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимларига автомототранспорт воситаларига қайд этиш гувоҳномалари олиш, рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, давлат рақами олиш ва техник кўрикдан ўтказиш учун мурожаат қилишга борган фуқаролар томонидан тўланган 805 млн 414 минг 900 сўм маблағни банкка кирим қилмай сохта квитанциялар бериб фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб юборишган.

Суд тарафларни тинглади, барча оғирлаштирувчи, енгиллаштирувчи томонларни ҳисобга олди ва суд ҳукмини ўқиди. 

Унга кўра, судланувчи Атабек Эшчанов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди ва тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилди.

Зилола Матякубова тайинланган олти йил-у олти ой озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли озод қилинди ва унга уч йил синов муддати берилди. Унга мазкур синов муддатининг дастлабки олти ойи мобайнида етказилган моддий зарарларни қоплаш вазифаси юклатилди.

Суд ҳукмига кўра, жиноят ишига жалб этилган «TURONBANK»ни фуқаровий жавобгар деб эътироф этиш рад этилди.

Судланувчилар Атабек Эшчанов ва Зилола Матякубовалардан солидар тартибда давлат фойдасига 762 млн 324 минг 175 сўм моддий зарар ундирилиши кўрсатиб ўтилди. Қолган зарарларни ундириш уларнинг банкдаги пуллари ва бошқа маблағларига қаратилиши белгиланди.

Мавзуга оид