Кувайт: Бу мамлакатнинг нефтдан бошқа яна нимаси бор?
Кувайт Форс кўрфази соҳилида жойлашган Ғарбий Осиё давлатидир. Аҳолиси тахминан 4,5 млн киши. Мамлакат, маълумки, ўзининг нефтга бойлиги билан машҳур, аммо бу ундаги ягона ўзига хослик эмас.
Эмигрантлар кўплиги
Кувайтда истиқомат қилувчиларнинг атиги 30 фоизи унинг туб аҳолисидир, қолган 70 фоизини муҳожирлар ташкил этади. Муҳожирларнинг аксарияти пойтахтда яшайди ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатишади. Ҳиндлар энг катта жамоани ташкил этади. Уларнинг деярли барчаси Ҳиндистоннинг жанубий штатлари — Тамилнад ва Кераладан келишган. Кувайтда 17та ҳинд мактаби ташкил этилган.
Иккинчи ўринни мисрликлар эгаллашади. Бундан ташқари, бу ерда филиппинликлар, покистонликлар, эронликлар, сурияликлар, фаластинликлар ва турклар яшайди.
Нефть захиралари бўйича олтинчи ўрин
Кувайт дунёдаги нефть захираларининг 8 фоизига эгалик қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу 104 млрд баррел нефть деганидир, шундан 70 млрд баррели Бурган ҳавзасида жойлашган.
Динор — дунёдаги энг қиммат валюта
Кувайт динори миллий валюта ҳисобланиб, 1000 филсга тенг. Филс бу кўплаб араб мамлакатларида муомалада бўлган пул бирлиги. Араб тилида «филс» пул деган маънони англатади ва сўзнинг ўзи Қадимги Рим тангаси — фоллис номидан келиб чиққан.
Динор Форс кўрфазининг рупийси ўрнини эгаллаган ва 1961 йилда муомалага киритилган. Агар Кувайт валютасини АҚШ доллари билан таққосласак, унинг уч баробар кучлилигига амин бўламиз, шунинг учун ҳам у жаҳондаги энг қиммат пул бўлиб қолмоқда.
JACC маданий маркази
JACC — Ал-Кувайт шаҳрида жойлашган опера уйи ва маданий марказ. Бу мажмуа Яқин Шарқда жойлашган шунга ўхшаш марказларнинг энг каттасидир. Унинг ҳудудида кутубхоналар, кинотеатрлар, кўргазма заллари, театрлар ва бошқа жойлар мавжуд. Бутун мажмуа 214000 м² майдонни эгаллайди.
Мусиқага бой манзара
Араб дунёсининг баъзи машҳур мусиқий жанрлари Кувайтда пайдо бўлган. Мисол тариқасида «sawt»ни айтишимиз мумкин. У шаҳар мусиқасининг мураккаб шаклидир. Дастлаб уни ижро этиш учун mirwas (барабан) ва ud (най) ишлатилган, кейинчалик скрипка қўшилган. Мусиқа икки эркакнинг рақси жўрлигида ижро этилади. Мамлакатда кенг миқёсли мусиқий тадбирлар мунтазам равишда ўтказилади.
Семириш даражаси юқорилиги
Кувайтда семиз ва ортиқча вазндан азият чекувчи кишилар кўплаб топилади (аҳолининг 40 фоиздан ортиғи). Тахминларга кўра, 2020 йилга бориб семириш даражаси янада ошади. Ушбу муаммонинг пайдо бўлишига олиб келадиган асосий омиллар тез тайёр бўлувчи таомлар ресторанлари ва камҳаракат ҳаёт тарзидир.
Мавзуга оид
16:12 / 12.11.2024
Кувайт ресторанлар учун Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш имконини ўрганмоқда
11:30 / 23.10.2024
Кувайт Фарғонада шифохона қуриши мумкин
09:40 / 23.10.2024
Ўзбекистондан Кувайтга қуруқ мевалар экспорти ҳажми оширилади
16:30 / 01.10.2024