Туризм | 11:03
626
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар учун Кувайт визаси соддалаштирилиши мумкин

Ўзбекистон фуқаролари учун Кувайтга сафар қилишда виза олиш тартибини соддалаштириш масаласи икки давлат расмийлари ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Томонлар бу борада манфаатдор идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Дунё

«Дунё» ахборот агентлиги хабар қилишича, Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси вакиллари мазкур давлат ташқи ишлар вазири ўринбосари Таҳани ан-Носир билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жиноий, фуқаролик ва тижорат ишлари бўйича ўзаро шериклик алоқаларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, томонлар ҳаво қатнови, «ақлли» шаҳарлар, соғлиқни сақлаш, савдо, маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун Кувайтга сафар қилиш билан боғлиқ виза тартибини соддалаштириш масаласи ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Бу йўналишда виза талабларини такомиллаштириш мақсадида манфаатдор идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Суҳбат якунида томонлар ҳуқуқий соҳадаги ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид