Жамият | 17:39 / 11.11.2019
4075
4 дақиқада ўқилади

«Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари»: энергия самарадорлиги ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди

03Ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур эта олмаймиз. Борлиқни қоронғулик қоплагач электр нурининг қадр-қимматини, ҳаётимиз учун қанчалик аҳамиятга эга эканлигини янада яхшироқ ҳис қиламиз. Ҳар бир неъматни ишлаб чиқариш машаққатлари бўлганидек электр энергияси ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб беришнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари мавжуд. Агар кундалик турмушда ҳам, ишлаб чиқаришда ҳам электр энергиясидан оқилона фойдаланилса мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишида муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ташаббуси билан мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Энергия самарадорлигини ошириш миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир. Кейинги йилларда республикамизда мавжуд ресурслардан, шунингдек, хонадонларда ва ишлаб чиқаришда электр энергиясидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 августдаги «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам ушбу қарор мазмун-моҳиятини ва унда белгиланган вазифаларни, шунингдек, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳасини иштирокчиларга таништиришдан иборат бўлди.

Юқорида қайд этилган қарорда 2030 йилга қадар қайта тикланадиган энергия манбаларини янада ривожлантириш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг улушини электр энергиясининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш белгиланган. Шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёзлар ва преференциялар ҳамда келгусидаги асосий устуворликлар, шу билан бирга, қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш, 2019-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш комплекс дастури ижросини таъминлаш юзасидан «Йўл харитаси» тасдиқланган. Қарорда комплекс дастурни молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган.

«Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан 2011 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда, Лойиҳа Жаҳон банки ва мамлакатимиз тижорат банкларининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Пировардида, кўп энергия сарфлайдиган корхоналар ишлаб чиқариш жараёнида электр энергияси ва табиий газ истеъмолини сезиларли даражада камайтириш имкони юзага келади.

Лойиҳалар амалиётга муваффақиятли татбиқ этилгани боис жорий йил 28 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» (2-қўшимча молиялаштириш)» лойиҳаси доирасида Европа инвестиция банки маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди ва унга кўра, яна қўшимча 100 миллион евро маблағ жалб қилинадиган бўлди.

Тадбир давомида энергия самарадор ва қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари, вилоятда фаолият юритувчи тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутасаддиларидан етарли даражада жавоб олдилар.

«Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид