Ўзбекистон | 23:10 / 12.11.2019
3607
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги расмийси: Вазирлик адвокатура соҳасида ваколатларидан босқичма-босқич воз кечмоқда

12 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентнинг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-табдирлари тўғрисида»ги фармони  ижроси бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, анжуманда Адвокатлар палатасининг автономлиги, яъни мустақиллиги, шунингдек, ўтган ой Ўзбекистонга келган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан берилган тавсиялар бўйича қилинган ишлар юзасидан мутасаддиларга савол билан мурожаат қилинди.

Элдор Маҳкамов

«Адлия вазирлиги адвокатура соҳасида ваколатларидан босқичма-босқич воз кечмоқда. Мисол учун, лицензияни тугатиш масаласи судларга берилди. Адвокат бўлиш учун имтиҳон оладиган малака комиссиясида адлия вакиллари бир нафар қилиб белгиланган. Ҳудудларда 7 нафар, Олий малака комиссиясида 9 нафар вакил бўлса, бунинг учдан икки қисми адвокатлардир. Шу жумладан, БМТ махсус маърузачиси келганида ҳам буни алоҳида таъкидлаб ўтди. Адвокатура соҳасидаги иккита қонун бирлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, амалдаги қонунларга биноан Адвокатлар палатаси раисини сайлашда Адлия вазирлиги томонидан тақдимнома киритилади. Бу тақдимнома барибир ҳам ҳудуддан келган делегатлар, яъни бошқарув аъзолари орасидан конференциянинг ўзи томонидан сайланади. Лекин вазирлик ваколатни адвокатларнинг ўзида қолдирмоқда», дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Элдор Маҳкамов

Адвокатлар палатасини сайлаш масаласида Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Содиқов ҳам фикр билдирди.

Шуҳрат Содиқов

«Биз ҳам бу масалага кенгроқ ёндашмоқчимиз. Ҳудудлардаги адвокатлар палатаси бошлиқлари раис томонидан тайинланади. Уни тўғридан тўғри адвокатлар томонидан сайланишини, хорижий тажрибани имплементация қилиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Янги қонун лойиҳасида фаол қатнашиш режасидамиз», – дейди Содиқов.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид