Янги таҳрирдаги “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари” лойиҳаси адвокатлар ва жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўларкан, кун тартибидан тўлиқ чиқариб ташланди. Бу ҳақда янги таҳрирдаги касб этика қоидаларини ишлаб чиқиш учун тузилган ишчи гуруҳ аъзоси Муҳиддин Раҳимов Kun.uz'га маълум қилди.
“Кеча, 1 ноябр куни Адвокатлар палатасида ишчи гуруҳининг алоҳида йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари”нинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳамда тафтиш комиссиясининг Низоми каби ҳужжатларни янги таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилди”, – деди адвокат.
Муҳиддин Раҳимов, шунингдек, Kun.uz мухбирининг: “Палата адвокатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи орган бўлса, нега уларнинг сўз ва фикр эркинлигини чекловчи лойиҳани таклиф қилди”, деган саволига жавоб берди.
“Буни (лойиҳани) биз ишлаб чиқмаганмиз. Унинг қаердан келганини ҳеч ким билмайди, масалан, шахсан мен билмайман. Баъзилар адлиядан келди, дейишди, баъзилар раҳбариятдан деяпти, лекин шахсан менга унинг қаердан келгани қоронғи.
Менимча, кун тартибидан олинган ишни яна ковлаш мақсадли эмас. Унинг ижодкори ким, муаллифи ким – суриштириб нима қиласиз. Лойиҳа кун тартибидан олинди, мана шу асосийси”, – деди ишчи гуруҳ аъзоси.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг 55-моддасида қуйидагича тартибни белгилаш таклиф этилганди:
“Адвокат оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини муҳокама қилмаслик, уларга нисбатан ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслиги лозим”.















