Фойдаланилмаётган объектларга солиқ механизмларини қўллаш тартибида қандай ўзгаришлар бўлди?
Давлат солиқ қўмитасида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарори мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўқув семинари ўтказилди.
ДСҚ матбуот хизматига кўра, унда фойдаланилмаётган объектларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш тартибига киритилган ўзгартиришлар, “Фойдаланилмаётган объектлар ҳисобини юритиш” автоматлашган дастурий маҳсулидан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Семинарда қайд этилганидек, бўш турган объектларга идоралараро комиссия хулосаси асосида оширилган ставкаларда солиқ ҳисоблаш амалиётига ўзгартиришлар киритилган.
Президентнинг 2019 йил 8 ноябрдаги ПФ-5868-сонли фармонига асосан 2019 йил 13 ноябрдан бошлаб 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2796-сонли ҳамда 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3928-сонли қарорлари ўз кучини йўқотади.
Муддат ва ставкаларда қандай ўзгаришлар?
Аввалги қонунчилик бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан 6 ойгача – икки баробар, 6 ой ўтгандан сўнг – беш баробар, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик ўн баробар миқдорида қўлланилган.
Жорий этилаётган янги тартибга кўра, мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан 3 ойга қадар икки баробар, 3 ой ўтгандан сўнг – беш баробар, 6 ой ўтгандан сўнг – ўн баробар, 12 ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баробарига тенг миқдорда белгиланадиган бўлди.
Шу билан бирга, солиқ солиш режими ўзгаришини талаб қиладиган норма бекор қилинди. Яъни амалдаги норма бўйича юридик шахслар – солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни соддалаштирилган тартибда тўлашдан умумбелгиланганга ўтказилган.
Жорий қилинган янги норма бўйича бўш турган объект эгаси юридик шахс – соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаш режимини сақлаб қолади.
Бўш турган объектларга амалдаги тартиб бўйича қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган барча солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиши тўхтатилиши белгиланган.
Давлат солиқ хизмати органларига тўғридан-тўғри таъсирчан солиқ механизмини қўллаш ваколати берилди. Бунда туман (шаҳарлар)даги ишчи гуруҳ ва сектор раҳбарлари томонидан хатлов ўтказиш, хатлов натижаларини ишчи органга тақдим этиш, ишчи орган томонидан тасдиқлаш учун Идоралараро комиссияга киритиш ва хулосалар чиқартириш каби жараёнлар соддалаштирилди.
Хусусан, буларнинг ўрнига бўш турган объектлар давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда аниқланадиган тизим жорий қилинди.
Тўловни қайтариш ва бошқа меъёрлар
Эндиликда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланилмаётган объект хўжалик фаолиятига жалб қилинганда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида охирги 12 ой учун тўланган солиқ суммалари объект мулкдорига қайтарилади.
Мулк қиймати мавжуд бўлмаган ёки қиймати “0”га тенг бўлган объектларга нисбатан солиқ ҳисоблаш амалиётига аниқлик киритилди.
Аввалги тартиб бўйича мол-мулкнинг қиймати мавжуд бўлмаганда ёки “0”га тенг бўлганда объектларга нисбатан солиқ ҳисоблаш имконияти мавжуд бўлмаган.
Жорий қилинган янги норма бўйича мол-мулкнинг шартли қиймати ҳар бир квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг Тошкент шаҳрида 8 баравари; Нукус шаҳри, вилоят марказлари ҳамда республика ва вилоятга бўйсунувчи йирик шаҳарларда 4 баравари; бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларида 2 баравари миқдорида белгиланади. Бунда объектнинг фойдаланилмаётган майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлганда, ҳисобланган солиқ суммасига 1,5 баравар миқдордаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланиладиган бўлди.
“Фойдаланилмаётган объектлар ҳисобини юритиш” автоматлашган дастурий маҳсулида инсон омилини чеклаган ҳолда, фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига огоҳлантириш хатларини юбориш, таъсирчан солиқларни белгиланган муддатларда ҳисоблаш, ишга туширилган объектлар бўйича тўланган солиқларни қайтариш имконияти яратилди.
Мавзуга оид
13:50 / 16.08.2022
Тадбиркорлик субъектларининг айланмаси 650 трлн сўмдан ошиб, аввалги йилга нисбатан 127,8 фоизга ўсди
12:36 / 01.07.2022
Бекор бўлаётган имтиёзлар, янги субсидиялар – 1 июлдан солиқ маъмурчилигида нималар ўзгарди?
15:30 / 30.06.2022
Шерзод Қудбиев ёш солиқчилар билан учрашувда ДСҚда ишлаш истагини билдирган қизни ишга олди
17:39 / 07.05.2022