Ўзбекистон | 23:31 / 12.11.2019
12731
3 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Содиқов: «Адвокат мижози билан учрашадиган хоналарга камера қўйилган эди, энди улар йўқ»

Шуҳрат Содиқов

12 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адвокатлар палатаси ва Адлия вазирлиги вакиллари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Содиқов соҳадаги айрим масалаларга тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Тергов ҳибсхоналарида яхши шароитлар яратилган. Бу бўйича муаммолар ҳақиқатда бор эди. Бу аввало Тоштурмадан бошланди. Ҳамма жойга жар солиб чиқдик. «Бу нима деган гап?» дедик. Мижоз билан адвокат учрашадиган хонада камера қўйилганди. У ҳам видео ёзади, ҳам аудио ёзади. Адвокатлар ҳаттоки, ўша камерани қобилияти қанақалиги ҳақида модификациясини ҳам кўтариб келишди. Шундан сўнг тартибга солинди. Энди бундай хоналарда камералар йўқ, аудио-видео ёзувлар бўлмайди. Бундай тизимли муаммоларнинг кўпи ўз ечимини топган.

Тўғри, айрим ҳолларда адвокатлар бизга етказиб туришади. Телефони олиб қўйилгани ёки мижознинг олдига қўймагани ҳақида айтиб қолишади. Бу савияси паст ходимга боғлиқ бўлган бўлиб қолади.

Адвокатлар палатаси раиси Бош прокурор билан, Олий суд раиси билан ҳам учрашди. Муаммолар тушунтирилган, маслаҳатлашилган. Тўғрисини айтиш керак, ҳамма судларда ҳам етарли шароит йўқ. Судьяларнинг ўзига жой йўқ, шу сабаб адвокатга жой қилиб бера олмайди. Айрим судларда мана адвокатлар хонаси деб эртаси куни олиб қўйилган жойлар ҳам бор. Яқин кунларда масалалар умумлаштириляпти ва палата раиси Олий суд раиси билан учрашади. Олий суд барча судлар билан видеоселектор тарзида кўрсатилади дейилган. Биз бунга тайёргарлик кўряпмиз», – дейди Содиқов.

Унинг сўзларига кўра, Адвокатлар палатаси қошида адвокатларни ҳимоя қилиш департаменти ташкил қилинмоқда.

«Адвокатларнинг фаолиятига халақит қиладиган ҳолатлар бўйича керак бўлса Бош прокурорга ҳам, Олий суд раисига ҳам чиқяпмиз», – деди Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид