Жаҳон | 17:32 / 14.11.2019
12211
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: Беларусь – Россиянинг оёғига осилган тош эмас

Фото: Виктор Толочко

Беларусь президенти Александр Лукашенко беларуслар россияликлар учун "оёққа осилган тош" ва "боқиманда" эмаслигини айтди.

Беларусь президенти матбуот хизматининг билдиришича, Лукашенко республика хавфсизлик кенгаши котиби Станислав Зась ва давлат чегара қўмитаси раиси Анатолий Лаппони қабул қилиш чоғида ана шундай баёнот берган. 

"Бизга доим танбеҳ беришади: "Биз Беларусни деярли боқяпмиз. Биз унга дотация бермасак, қарамасак, у парчаланиб кетади". Чегараларни ҳамкорликда қўриқлаш қанчага тушаётганини ҳисоблаб кўриш керак. Уларга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тўғрисида эслатиб қўйиш керак: улар буни ҳамкорликда қилишимиз учун менга узоқ ялинишди. Бугун биз Болтиқдан Қора денгизгача Россия Федерацияси учун ишлаяпмиз. Бу ҳам пул ва нафақат пул. Яна барибир биз боқимандамиз", - деган Лукашенко.

Беларусь раҳбарининг сўзларига кўра, Минск ва Москва интеграцияни чуқурлаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Унинг айтишича, юзага келадиган барча масалаларни "тўплаб, стол устига қўйиш керак ва россиялик оғалар, кўринг, биз сизлар учун қандай хизматлар қиляпмиз ва бу арзонга тушмаяпти" деб кўрсатиш керак.

Мавзуга оид