Иқтисодиёт | 14:10 / 14.11.2019
10258
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк ҳукуматга давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун молиявий ёрдам бермайди

Фото: KUN.UZ

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштириш учун кредитлар ёки молиявий ёрдам бермаслиги белгилаб қўйилди.

Давлат раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Ушбу Қонун Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдуқодир Тошқуловнинг ёзишича, ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, вазифалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Қонунга кўра Марказий банк юридик шахс бўлиб, у давлатнинг мутлақ мулкидир ва ўз харажатларини ўзининг даромадлари ҳисобидан амалга оширади. Шу билан бирга, Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ҳисобдордир. Олий Мажлис Сенати Марказий банкнинг йиллик ҳисоботини аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан бирга кўриб чиқади.

Бундан ташқари, Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштириш учун кредитлар ёки молиявий ёрдам бермайди.

Шунингдек, Қонунда Марказий банкнинг молиявий ҳолати назарда тутилиб, у Марказий банкнинг устав капитали, фойдани аниқлаш ва тақсимлаш, Марказий банкнинг йиллик ҳисоботи ҳамда Марказий банк фаолиятининг ички ва ташқи аудитидан иборат.

Шу билан бирга, Марказий банк раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Марказий банкнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва кредит ташкилотлари билан муносабатлари белгиланган. Хусусан, Марказий банк кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари ва банклар гуруҳларининг фаолиятини, шунингдек қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни тартибга солади ва назорат қилади.

Буни қуйидагилар орқали амалга оширади:

тартибга солишга доир вазифалари ва назоратга доир вазифаларини бажариш,

кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар, асослантирилган мулоҳазанинг қўлланилиши, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш,

назорат қилиниши лозим бўлган шахсларни инспекциядан (текширувдан) ўтказиш,

банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ банкларга, банкларнинг бевосита ҳамда билвосита акциядорларига, шу жумладан, охирги бенефициар мулкдорларига, кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларига, банкларнинг муҳим аҳамиятга эга ходимларига нисбатан чоралар ҳамда санкциялар қўллаш.

Шу билан бирга, Қонунда халқаро ташкилотлар, чет давлатларнинг марказий банклари ҳамда банк назорати ва монетар сиёсат бўйича бошқа органлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ахборот алмашиш тўғрисидаги нормалар ҳам мустаҳкамланган.

Бундан олдин, Марказий банк ходимларига нималар тақиқланиши аниқлаштирилганди.

Мавзуга оид