Жаҳон | 20:20 / 15.11.2019
30148
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Жанубий Кореяга ультиматум жўнатди

Шимолий Корея Жанубий Кореяга Кимгансан туристик зонасида қурган объектларини бузиб ташлашини талаб қилиб ультиматум жўнатди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги маълум қилди. 

“Жанубий Корея ҳукумати ўз позициясида қолса, биз буни улар ўз иншоотларини олиб чиқишдан бош тортмоқдалар, деб ҳисоблаб, ушбу объектларни демонтаж қилиш бўйича қатъий чоралар кўрамиз”, дейилган ультиматумда.
 
Шимолий Корея ўз позициясини Жанубий Кореянинг объектлари ўн йил давомида эътиборсиз қолдирилгани ва ташлаб қўйилгани билан асослаган.
 
“Биз тоғнинг эгалари сифатида миллатимиз ва келажак авлодлар олдида жавобгармиз ва Кимгансан тоғларини ўз ихтиёримизга кўра дунё танийдиган маданий-туристик зонага айлантирамиз”, деб таъкидлаб ўтилган Пхеньянда. 

Кимгансан маданий-туристик мажмуаси

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин октябрда Пхеньян Жанубий Корея билан Кимгансан тоғларида туристик мажмуани ривожлантириш бўйича лойиҳадан воз кечиб, ўзи мустақил ишлар олиб боришини маълум қилган.

Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги ушбу туристик лойиҳа икки давлатнинг иқтисодий ҳамкорлиги рамзи сифатида 1998 йилда бошланган. Жанубий Корея компаниялари ушбу ҳудудда меҳмонхоналар ва сайёҳлик инфратузилмасини қуришга 680 млн доллар киритишган.  

2008 йилда ушбу ҳудудда жанубий кореялик аёл сайёҳ ўлдирилгандан кейин Сеул ушбу зонада ҳамкорликни номаълум муддатга тўхтатишга қарор қилиб, у ерга саёҳатларни ташкиллаштиришни тўхтатган.

Кимгансан Шимолий Кореядаги тоғли ҳудуд бўлиб, Корея яриморолининг шарқида жойлашган ва Шимолий Кореянинг энг чиройли жойларидан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид