Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб, хусусий бандлик агентликлари фаолиятига рухсат берилган эди. Аммо жорий йилнинг ўрталарига келиб, бир нечта ХБАларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилгани фуқароларда уларга нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотмоқда.
Kun.uz мухбири айни мавзуда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Сарвар Каримов билан суҳбатда бўлди.
– Ҳозиргача нечта хусусий бандлик агентлигига лицензия берилди? Улар вилоятлар кесимида қандай кўрсаткичга эга?
– 2018 йил 30 ноябрдан ҳозирги кунга қадар 90та хусусий бандлик агентликлари давлат реестрига киритилган, шундан 66та ХБАга фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган.
Лицензия олган ХБАлар сони вилоят кесимида қуйидагича: Тошкент шаҳри – 32 та, Самарқанд вилояти – 9 та, Фарғона вилояти - 5 та, Андижон вилояти – 8 та; Навоий, Наманган, Бухоро ва Хоразм вилоятларида биттадан.
– Лицензия олган ХБАлардан қанчасининг фаолияти тугатилди, қанчасига жиноят иши қўзғатилди?
– Ўтган давр давомида фаолиятини тўғри бошқара олмаганлиги, ўз ташаббуси ёки қонунбузарликларга йўл қўйганликлари учун 8та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинган, 3та ХБА лицензияси вақтинчалик тўхтатилган ва 3та ХБАга жиноят иши очилган.
– Ҳозирги кунда ХБАлар томонидан фуқаролар айнан қайси давлатларга ишга юборилмоқда? Бу борадаги статистик маълумотлар қандай?
– Ҳозирги кунда ХБАлар томонидан чет элга ишга юборилган фуқаролар сони 1876 нафар бўлиб, булардан 1005 нафари Россия Федерациясига, 529 нафари Туркия, 6 нафари БАА, 6 нафари Болгария, 6 нафари Эстония, 5 нафари Исроил, 72 нафари Латвия, 213 нафари Литва, 25 нафари Польша, 1 нафари Қатар, 2 нафари Қозоғистон, 1 нафари Уммон, 5 нафари Япония давлатига тўғри келади.
– Ўзбекистон ХБАлар ташкил этилиши ва улар фаолият юритишига қанчалик тайёр эди?
– Ўзбекистонда ХБАлар ташкил этилишига асосий сабаблардан бири – чет элга уюшмаган меҳнат миграциясининг катта оқими мавжудлиги, 2018 йилга қадар қонуний меҳнат миграцияси учун бозор мавжуд эмаслиги ва шу кунга қадар бозор монополлаштирилганлиги эди.
Бозорда бепул хизмат кўрсатаётган битта вазирлик расмий вакилининг мавжудлиги барча фуқароларнинг талаб ва таклифларини қондира олмайди, иш берувчиларни ишсиз меҳнат кучи билан таъминлашга жисмонан имконият мавжуд эмас эди.















