Қўшработ деҳқон бозори олдида камида уч гектар автотураргоҳ керак — ЙҲХБ муносабати
Kun.uz бугун, 16 ноябрь куни «Бозор олдидаги йўлларда кузатилаётган тирбандлик — муаммо биргина Қўшработда эмас» сарлавҳаси остидаги видеорепортаж эълон қилган, унда Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани марказий деҳқон бозори олдидаги йўлда пайдо бўлаётган тирбандлик ҳақида маълумот берилган эди.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мазкур репортажга шу куннинг ўзида муносабат билдирди.
«Қўшработ деҳқон бозори туман марказида жойлашган бўлиб, умумий майдони 2,7 гектарни ташкил этади. Ҳафтанинг жума кунлари соат 07:00дан 14:00гача ишлайди. Бозорнинг шарқ томонидан давлат аҳамиятига эга 4Р-55 «Митан-Қўшработ-Нурота», жануб томонидан давлат аҳамиятига эга 4Р-43 «Маржонбулоқ-Зармитан-Қўшработ» автомобиль йўли ўтган бўлиб, бозор кунлари ушбу иккала йўлнинг бозор олдидан ўтган қисмларида қуйидаги сабабларга кўра тарбандлик ҳолатлари юзага келаётгани кузатилмоқда:
- бозорга бирор нарса сотиш учун келадиган фуқаролар сони 1200–1300 кишини ташкил этади;
- бозордан бирор нарса сотиб олиш учун келадиган фуқаролар сони 4000–4500 кишини ташкил этади;
- бозорда аҳоли энг кўп тўпланган вақтда (08:00дан 12:00гача) бозор атрофида 1400–1500тагача ҳар хил русумдаги транспорт воситалари йиғилади.
Амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида битта енгил автомобилга 25 кв.м ҳисобидан бозор атрофида камида 30 минг кв.м ёки 3 гектар майдонга эга автомобиллар тўхташ жойи бўлиши лозим.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан бозор кунлари бозор атрофига ЙПХ инспекторлари хизматга қўйиб келинмоқда, бироқ бугунги кунда бозор атрофида автомобиллар тўхташ жойи йўқлиги, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситалари учун охирги бекатлар мавжуд эмаслиги сабабли бозорга келган фуқаролар транспорт воситаларини 4Р-43 ва 4Р-55 автомобиль йўлларининг икки четида икки-уч қаторлаб қолдириб кетишга мажбур бўлишмоқда.
Бу эса ўз навбатида йўлнинг қатнов қисми торайишига ва сунъий равишда тирбандлик ҳолатлари юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида туман ҳокимлиги ва вилоят бозорлар уюшмаси томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланади, деган умиддамиз», – дейилади Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ муносабатида.
Мавзуга оид
21:32 / 22.10.2024
Қўшработдаги портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди
17:04 / 22.10.2024
Қўшработда икки қаватли уй портлади. Бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлган
22:31 / 04.09.2024
Қўшработ ҳокими ўринбосарларини ҳақоратлагани учун интизомий жазога тортилди
13:20 / 01.02.2024