Иқтисодиёт | 17:26 / 20.11.2019
9952
2 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасига ташриф буюрди

“Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси давом этмоқда.

Давлат раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбир доирасида мингга яқин корхоналар, компания ва фирмалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари 10 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан қатнашмоқда. 

Бугун, 20 ноябрь куни, маҳаллий корхона ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.

Давлат раҳбари ярмарка доирасида намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишди. Маҳаллий маҳсулотларнинг сифати, харидоргирлиги, локализация даражаси билан қизиқди. Шунингдек, президент томонидан маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, импорт бўлаётган деталлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш, бу борада сифатни таъминлаш орқали харидор орттириш зарурлигига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ташриф мобайнида президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекгидроэнерго” АЖ учун ажратилган махсус ҳудудда Жамият бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов билан соҳада олиб борилаётган амалий ишлар ҳамда тизим ташкилотларининг маҳсулотлари борасида фикр-мулоҳаза алмашди.

Таъкидлаш жоизки, иштирокчилар томонидан саноат корхоналарининг экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари, уларнинг сифат ва техник кўрсаткичлари, улгуржи ва чакана нархлари, корхоналарнинг мавжуд қувватлари каби маълумотлар ўрганилмоқда ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси жорий йилнинг 22 ноябрь санасига қадар давом этади.

Мавзуга оид