Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 ноябрдаги ялпи мажлисида «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Депутатлар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқуллаган, депутатлар томонидан кўплаб саволлар ва таклифлар берилганди. Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Давлат бюджети бошқармаси олдига ҳукумат билан биргаликда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза, таклифлар асосида, мутахассислар ва экспертлар иштирокида ҳар тарафлама муҳокама қилиб, маромига етказиш топширилган эди.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқиш учун ялпи мажлисга киритилгунига қадар бўлиб ўтган қўмиталар, фракциялар, ишчи гуруҳ йиғилишлари ҳамда палата ялпи мажлисидаги муҳокамаларда 100дан ортиқ таклифлар билдирилди. Улардан 60га яқини принципиал таклифлардир.

Депутат Мақсуд Қурбонбоевнинг айтишича, таклиф ва мулоҳазалардан ҳамда қонунчилик техникаси, тилшунослик қоидаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасининг 17та моддасига 42та ўзгартириш, 4та моддасига қўшимчалар киритилди, 2та моддаси эса тўлиқ чиқариб ташланди.

Мақсуд Қурбонбоев

Шунингдек, айрим масалалар мазкур қонун лойиҳаси предмети эмаслигидан келиб чиққан ҳолда, бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳал этилишига келишилди. Бошқалари бўйича асосли тушунтиришлар берилди.

Жумладан, қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи республика бюджетига ўтказилиши таклиф этилган эди. Депутатларнинг бу тартиб маҳаллий ҳокимликларнинг тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга бўлган қизиқишини камайтириши мумкин, деган фикридан келиб чиқиб, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тушумларининг маҳаллий бюджетларда 50 фоизи қолдириладиган бўлди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимоялаш мақсадида лойиҳанинг 21-моддасига қўшимча равишда маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса, харажатларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамасига бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат этиши, шунингдек, ушбу тартибда туман ва шаҳар ҳокимликлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат этиши белгилаб қўйилишини кўзда тутувчи алоҳида банд киритилди.