Ўзбекистон | 11:41 / 22.11.2019
20423
2 дақиқада ўқилади

ДХХ гиёҳванд моддалар савдосига қарши тадбирлар ўтказди

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам икки маротаба судланган И.Ё. 12 кг. 985 гр. «гашиш» гиёҳвандлик моддасини Фарғона вилоятига олиб кетаётган вақтида Андижон вилоятининг Асака туманида қўлга олинди. 

Аниқланишича, И.Ё, мазкур гиёҳвандлик моддасини сотиб олиш учун келишилган пулнинг бир қисмини, яъни 7500 АҚШ долларини Қирғизистон Республикасида яшовчи “наркокурьерга” беради.

Шундан сўнг, контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига олиб кирилган гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олади. Пулнинг қолган қисмини эса оғуни сотганидан сўнг бериши керак бўлади. 

Шунингдек, гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар Фарғона вилоятида ҳам қайд этилди. Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи Ш.А. ҳамда Фарғона вилояти Қува туманида истиқомат қилувчи М.Ҳ. қўшни Қирғизистон ҳудудидан «Шаҳрихонсой» канали орқали оқизиб юборилган 1 кг. 965 гр. «гашиш» моддасини Андижон вилоятида қабул қилиб, Фарғона вилоятига олиб келган вақтларида Қува тумани ҳудудида қўлга олинди.

Бошқа бир ҳолатда эса марғилонлик Ш.Қ. тожикистонлик шахслар билан телефон орқали боғланиб, 836 гр. «гашиш» моддасига харидор бўлади. Наркокурьер гиёҳванд моддани Қўқон шаҳрига олиб келиб, автошоҳбекатдаги чиқинди идишига яширади. Ш.Қ. эса уни олиб, ўрнига 4250 АҚШ долларини қўйиб кетаётган вақтида ушланди. 

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 15 кг 786 гр. «гашиш» моддаси мусодара этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид