Яшнобод туманида Lacetti автомобили ҳайдовчиси иштирокида содир бўлган ҳолат бўйича изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда Lacetti русумли автомобиль орқага ҳаракатланиб ЙПХ ходимларидан “қочаётгани” акс этган, аммо натижада тўхтатилгани акс этган видеоёзув жойланди.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг ёзишича, видео остида қолдирилган шарҳда ҳайдовчининг ҳаракатларига унинг кучли таъсир ўтказувчи воситалар истеъмол қилгани тахмин қилинган.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг 21 ноябрь куни тахминан соат 01:25да Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида Lacetti русумли автомобилнинг ҳаракатланиши ЙПХ инспекторларида гумон уйғотган. Ҳайдовчига тўхташ ҳақида ишора берилган. Аммо у ишорага бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирди.
Билдирилишича, ЙПХ экипажи хизмат автомобилида қоидабузарнинг кетидан йўл олган. Автомобиль MEGA MED клиникаси ёнидаги йўл ҳудудида тўхтатилди, шу ерда ҳайдовчи орқага ҳаракатланиб воқеа жойини тарк этмоқчи бўлган. Айнан шу жой ҳодисани мобиль телефонига тушираётган фуқаронинг кадрига тушиб қолган.
Таъкидланишича, қоидабузарнинг ушбу ҳаракатлари ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилгач, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқаришдан четлатилди. Ҳодиса фуқаролар эътиборини тортганлиги сабабли, ҳайдовчи инспекторлар томонидан хизмат автомобилига таклиф этилгач, дастлабки тўхтатилган жойга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун олиб кетилди.
Lacetti’ни бошқарган шахс Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи 28 ёшли Ш.С. эканлиги маълум бўлди. Унинг гапларига қараганда, ҳаракатларига транспорт воситасини бошқариш учун зарур бўлган ишончнома ва мажбурий суғурта ҳақидаги полиси йўқлиги сабаб бўлган.
Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасига (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”) ва 194-моддасига (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) мувофиқ баённома расмийлаштирилди. Ҳайдовчига нисбатан чоралар ҳақидаги қарорни суд қабул қилади. Автомобиль юқоридаги Кодекснинг 291-моддасига мувофиқ жарима майдончасига жойланган.
Мавзуга оид
09:00 / 09.09.2024
Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларни сотаётган шахс ушланди
07:28 / 15.07.2024
Тошкентда аҳоли яшаш хонадонида ёнғин содир бўлди
17:10 / 07.06.2024
Тошкентда йўл четидаги дарахтга бориб урилган Lacetti ҳайдовчиси вафот этди
13:11 / 03.06.2024