Дорилар ўрнини боса олувчи 10 та маҳсулот маълум қилинди
Шифокор Франциска Рубин қандай озиқ-овқат маҳсулотлари дорилар ўрнини боса олиши ва саломатликни мустаҳкамлашга имкон беришини маълум қилди. Мутахассис бу ҳақда Focus журналига маълум қилди.
Шифокор агар тўғри овқатланилса, кўплаб касалликлардан қочиш мумкинлиги ва шунда қиммат дориларга пул кетказишга тўғри келмаслигини айтмоқда. Бироқ Рубиннинг огоҳлантиришича, баъзи ҳолларда дорининг ўрнини босувчи муқобили бўлмайди.
Шифокор энг фойдали 10 та маҳсулотни ажратиб кўрсатган: сули, асал, занжабил, картошка, карам, зарчава, турли мойлар, туз, лимон ва пиёз. Бу маҳсулотларни истеъмол қилишдан ташқари, улардан даволовчи эффект мақсадида ниқоблар ва компресслар тайёрлаш мумкин.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ичак саломатлиги учун сули ёрмаси ва карам жуда муҳимдир. Сули холестерин миқдорини камайтиради ва бириктирувчи тўқима эвазига саратоннинг олдини олишда ёрдам беради, карам эса овқат ҳазм қилишни енгиллаштиради. Бундан ташқари, у кўз учун фойдали.
Сулидан тайёрланган дамлама сиртқи қўллашда терини тинчлантиради. Шифокор уни нейродермитда қўллашни тавсия қилган.
Шунингдек, асал ва туз дезинфекцияловчи хусусиятларга эга. Мутахассиснинг айтишича, асал бронхитда, ундан тайёрланган компресслар эса артрозда жуда фойдалидир. Мутахассис тузли сув ванналарини подаграда тавсия қилган.
Рубин қишни занжабилсиз тасаввур қилолмаслигини айтган. Мутахассис унинг тетикловчи самараси ва томирлар учун фойдасини айниқса қадрлайди. Занжабил, шунингдек, қонни суюлтиради, қанд ва холестерин миқдорини камайтиради ҳамда овқат ҳазм қилишда фойдали. Бундан ташқари, занжабил билан танани қоплаш буйрак учун фойдали.
Ўсимлик мойлари юрак саломатлигини мустаҳкамлайди. Зайтун мойининг бир қошиғи томирларни мустаҳкамлашга ёрдам беради, зиғир мойи эса тромблар ҳосил бўлиши олдини олади. Бундан ташқари, бронхитда кўкрак қафасига тимян мойи суртиш самаралидир.
Рубин бош оғриғида лимонли қаҳва ичишни тавсия қилмоқда. Ушбу цитрус мева тирсак ва товонлардаги дағаллашиб кетган терини юмшатишда ёрдам беради.
Мутахассис ҳуснбузар ва тошмаларда асал ва зарчавадан ниқоблар тайёрлашни тавсия қилмоқда. Зарчава истеъмол қилинганда организмдаги яллиғланиш жараёнларига қаршилик кўрсатади. Бу эса онкологик касалликлар хавфини камайтиришга ёрдам беради.
Пиёзли шўрва циститга қарши курашда, қайнатилган картошка эса жиғилдон қайнашида ёрдам беради.
“Музлатгичимизда кўп касалликларга қарши воситалар бор”, деб хулоса қилган шифокор.
Мавзуга оид
11:28 / 31.03.2024
Ўзбекистонда антибиотикка ўрганиб қолганлар кўп – бу нимага олиб боради?
23:28 / 07.11.2021
Саакашвили норозилик сифатида дорилар қабул қилишдан бош тортди
16:49 / 04.06.2021
Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши ортидан инфляцияга доир хавотирлар кучаймоқда
23:10 / 10.12.2019