Ўзбекистон | 09:44 / 26.11.2019
54694
12 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби эълон қилинди

Фото: Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби эълон қилинди.

Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Миллий гвардияга хизматга қабул қилиш учун ҳарбий-касбий саралаш ташкиллаштирилади.

Миллий гвардияга хизматга кириш истагини билдирган ва саралашда иштирок этаётган фуқаро – Миллий гвардияга хизматга номзод ҳисобланади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш танлов асосида ўтказилади.

Саралаш қуйидагиларни ўз ичига олади:  

а) номзодни дастлабки ўрганиш (ҳужжатларни йиғиш ва ўрганиш, суҳбат);

б) тиббий кўрик;

в) психологик ўрганиш (интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоэмоционал барқарорлиги баҳоланади);

г) жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

д) махсус текширув.

Миллий гвардия учун зарурат туғилган тақдирда илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлган фан арбоблари, маданият вакиллари, сўнгги беш йил давомида республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг ғолиблари ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида 1-3 ўринларни эгаллаган спортчилари орасидан танланган номзодлар фақатгина тиббий кўрик ва махсус текширувдан ўтказилади. 

 Муддатли хизмат ҳарбий хизматчилардан ташқари, Миллий гвардияга хизматга қабул қилиниши учун номзод доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия бўлинмаларига мурожаат этади. Агарда номзод вақтинча яшаш жойи бўйича таълим муассасада ўқиётган ёки расмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, унга ушбу жойда мурожаат этишга рухсат берилади.

Саралашда ўн саккиз ёшдан ўттиз ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек қирқ ёшгача бўлган муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган шахслар ҳамда резервдаги ва захирадаги офицерлар иштирок этишлари мумкин.

Номзодларда бошқа давлат фуқаролиги бўлмаслиги лозим. Номзодлар ўрта ёки ўрта махсус (касб-ҳунар) ёхуд олий маълумотга эга бўлишлари лозим.

Эркаклар хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган ёхуд Ўзбекистон Руспубликаси олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган, шунингдек ҳарбий рўйхатда турган бўлишлари керак.

Номзодларнинг бўй-басти:

а) эркаклар учун:

фахрий қоровул отлиқ аскарлар эскадронига – 175 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

Миллий гвардиянинг қолган бўлинмаларига – 185 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

б) аёллар учун – 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги лозим.

Тенг шароитларда устунлик олий маълумотга эга бўлган, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларини ёки чет тилини чуқур эгаллаган номзодларга, бундан ташқари Миллий гвардия Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейининг битирувчиларига берилади.

Қуйидаги ҳолатларда номзодга, саралаш ўтказилишининг исталган босқичида Миллий гвардияга хизматга қабул қилишга рад этилади:

а) Миллий гвардияга хизматга қабул қилиш учун умумий талабларга мос келмаслиги;

б) унинг касбий тайёргарлигига мос келувчи вакант лавозимлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек аёл номзодлар учун аёл ҳарбий хизматчилар эгаллаши мумкин бўлган вакант лавозимлар мавжуд бўлган тақдирда;

в) номзоднинг ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатилганда, унга нисбатан терговга қадар текширув, дастлабки тергов ёки суриштирув олиб борилаётган, жиноий иш судда кўрилаётган бўлса (бу ҳолатларда номзодни қайта кўриб чиқиш жиноий иш бўйича якуний қарор қабул қилинганидан сўнг амалга оширилади);

г) жазо чорасидан ва амнистия қўлланилганидан қатъий назар содир этган жинояти учун айблов ҳукми мавжуд бўлса;

д) номзод муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий хизматчининг номига доғ туширувчи хатти-ҳаракатни содир этгани ёки хизмат вазифасига нолойиқ бўлиб қолганлиги сабабли бўшатилган бўлса;

е) муддатли ҳарбий хизматчини кейинги саралаш тадбирларига тақдим этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан қарор қабул қилинган бўлса;

ж) унинг жисмоний тайёргарлиги даражаси қониқарсиз баҳоланганда ёки номзод томонидан жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тартибини бузган ҳолатларда;

з) суҳбат натижаларига кўра, хизматга қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб топилганда;

и) психологик ўрганиш натижалари бўйича “тавсия этилмайди” хулосаси олинганда ёки номзод томонидан психологик ўрганиш тартибини бузган ҳолатларда;

к) соғлиги ҳолатига кўра Миллий гвардия хизматига яроқсиз ёки кейинчалик қайта тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан даволанишга муҳтож деб топилса;

л) махсус текширув натижаларига кўра, хизматга қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб топилганда;

м) давлат сири бўлган маълумотлар билан ишлаш учун рухсатнома бериш рад этилганда;

н) Миллий гвардиянинг қуйидаги махсус талабларига жавоб бермаса:

унга нисбатан яшаш жойи ёки иш (хизмат) жойидан салбий тавсифнома мавжуд бўлганда;

ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида номзод ўзи ва яқин қариндошлари тўғрисида била туриб ёлғон маълумотларни берганида;

Миллий гвардия ва ушбу муассаса вакилларининг қадр-қиммати ва обрў эътибори тўғрисида ёлғон маълумотлар берганида;

алкоголь ичимликлар, психотроп ёки гиёҳванд моддаларга мойиллиги бўлса, шунингдек наркологик ёки руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ҳисобида рўйхатда турган бўлса;

агарда у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилса;

у томонидан бир ойдан узоқ вақт давомида Миллий гвардия вакиллари билан алоқани узиб қўйганида ёки керакли ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортганида.

Миллий гвардия бўлинмалари командирлари ва бошлиқлари ҳар йили январь ойида Миллий гвардия хизматига номзодларни қабул қилиш учун саралашни ташкиллаштириш ва ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Мазкур буйруқлар билан номзодларни қидириш ва ўрганиш ишларига виждонан ёндашадиган ва жавобгарлик ҳисси юқори бўлган офицерлар тайинланади. Тайинланган офицерлар буйруқда фамилияси бўйича кўрсатиб ўтилади. Офицер янги хизмат жойига жўнаб кетган ҳолларда буйруққа тегишли ўзгартириш киритилади.

Шунингдек, мазкур буйруқлар билан номзодларни дастлабки ўрганиш комиссиялари ташкил этилади ва номзодлар учун қабул кунлари белгиланади.

Комиссия таркибига бўлинма командири (бошлиғи), унинг ўринбосарлари, зарур мутахассислар киритилади. Комиссия раиси бўлинма командири (бошлиғи), котиби – кадр органи бошлиғи ҳисобланади.

Номзодларни қидириш:

ҳарбий қисмлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, мудофаа ишлари бўйича бўлим ва бошқармалар, ўрта-махсус ва олий таълим муассасалари, ташкилотлар, корхоналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жойлардан;

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг тавсияси бўйича;

Миллий гвардия бўлинмаларига хизматга қабул қилиш масаласи бўйича мурожаат этган шахслар орасидан амалга оширилади.

Миллий гвардия бўлинмалари ҳудудига кириш жойлари Миллий гвардия хизматига саралаш тартиби, номзодларга қўйилган талаблар ва дастлабки ўрганиш комиссиясининг қабул кунлари кўрсатиб ўтилган ахборот стендлари билан жиҳозланади.

Қабул кунлари қуйидаги чора-тадбирлар ўтказилади:

бўй-бастни ўлчаш;

ҳужжатларни қабул қилиш ва ўрганиш;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

суҳбат.

Миллий гвардияга хизматга қабул қилиш учун умумий талабларга мувофиқ келган ҳолларда, номзод Миллий гвардия бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Миллий гвардияга хизматга қабул қилиш тўғрисидаги ариза;

паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда);

ФҲДЁ органларидан маълумотнома (туғилганлик ҳақида гувоҳномага ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган ёки алмаштирилган ҳолларда);

никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома, фарзандларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхалари;

яқин қариндошларининг (ота-она, эр-хотин, фарзандлар, ака-укалар, опа-сингиллар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари) паспортлари ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги, яқин қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари;

3 х 4 см ўлчамдаги олтита рангли фотосурат (бош кийимсиз), шунингдек 9 х 12 см ўлчамдаги иккита фотосурат (бош кийимсиз);

яқин қариндошларининг маълумотлари бўйича қўлда тўлдирилган анкета;

ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома;

ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (асли кўрсатилган ҳолда);

асли кўрсатилган ҳолда ҳарбий гувоҳнома нусхаси;

яшаш жойи бўйича поликлиникадан белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома;

асли кўрсатилган ҳолда меҳнат дафтарчасининг нусхаси (агарда мавжуд бўлса).

Хизматни ўташ хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида номзоддан қўшимча ҳужжат ёхуд маълумотлар талаб қилиб олиниши мумкин.

Миллий гвардияда хизматни ўташ истагини билдирган муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиси муддатли ҳарбий хизмат муддати тугашидан камида уч ой олдин бевосита командири (бошлиғи) номига билдирги орқали мурожаат этади. Билдиргига юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар илова этилади.

Номзоднинг аризаси (билдиргиси) ўрнатилган тартибда рўйхатга олинади.

Номзод, муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган бўлса ўзининг аризасида контракт бўйича ҳарбий хизматдан бўшатилиш сабабини кўрсатиб ўтади. Вазирликлар ва идораларнинг кадр органларидан номзоднинг контракт бўйича ҳарбий хизматдан бўшатилиш сабаблари ва унинг хизмат давридаги тавсифномаси тўғрисида ёзма равишда аниқлик киритилганидан сўнг уни саралаш тадбирларида иштирок этишига рухсат бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Хат ёзишмалари Миллий гвардия Кадрлар бошқармаси орқали амалга оширилади.

Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш комиссия таркиби томонидан номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича тадбирларни ўтказиш методикаси ва баҳолаш мезонлари асосида ўтказилади.

Номзод томонидан жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича қониқарсиз баҳо олган ҳолларда унинг кўриб чиқилиши рад этилади.

Суҳбат давомида комиссия таркиби қуйидаги тадбирларни ўтказади:

а) номзоднинг ҳужжатларини ўрганади;

б) номзодни:

Миллий гвардияга хизматга кираётганларга қўйиладиган талаблар тўғрисида;

ҳарбий хизматчиларнинг имтиёзлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида;

хизмат шароитлари, шу жумладан, ҳуқуқларининг хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ равишда чегараланганлиги ҳақида;

номзоддан хизматга қабул қилиш учун моддий рағбатлантириш талаб этилаётганлиги тўғрисидаги ҳар қандай ҳолатлар юзасидан ахборот бериши кераклиги ҳақида хабардор этади;

в) суҳбат ўтказиш ва баҳолаш мезонлари методикаси асосида номзоднинг интеллектуал ривожланганлик ва касбий тайёргарлик даражасини ўрганади.

Комиссиянинг ҳар бир аъзоси ўз фикрини қуйидагича ифода этади:

«Хизматга қабул қилиниши юзасидан розиман» ёки «Хизмат қабул қилиниши юзасидан норозиман». Якуний қарор кўпчилик овози билан қуйидагича хулосада қабул қилинади, масалан: «Ҳайдовчи лавозимига хизматга қабул қилинишига муносиб» ёки «Хизматга қабул қилинишига муносиб эмас».

Қабул қилинган қарор номзодга эълон қилинади.

Кадр органи суҳбатдан ижобий ўтган номзоднинг ҳужжатларини ижро этиш учун қабул қилади ва унинг жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳолати мавжуд эмаслигини текширади, номзодлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 25 санасига Кадрлар бошқармасига тақдим этади.

Муддатли ҳарбий хизматчилар орасида номзодлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар уларнинг хизмати тугашидан камида икки ой олдин юборилади.

Мавзуга оид