Ўзбекистон | 12:10 / 26.11.2019
7682
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда «Нолегал» тезкор-профилактик тадбири ўтказилди. Унда Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги келишувларга асосан, жорий йилнинг 18-22 ноябрь кунлар ҳамкорлик доирасида Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида “Нолегал” номли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматига кўра, тадбирларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси, Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси ва Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси ходимлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси консуллик вакиллари иштирок этди.

Тадбирлар натижасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган 3 нафар халқаро қидирувда бўлган шахснинг яшириниб юрган манзиллари аниқланиб, қўлга олинди.

Миграция қонунчилигини бузган 6 нафар (1 нафар Қозоғистон Республикаси Давлат чегарасини қасддан ноқонуний кесиб ўтиш, 1 нафар ноқонуний миграцияни ташкил этиш, 4 нафар суд ҳукми, суд қарори ёки бошқа суд ҳужжати ёки ижро варақаси ижро этилмаслиги) Ўзбекистон Республикаси фуқароси жиноий жазога тортилган бўлиб, чет эл фуқароларини ишчи кучидан фойдаланиш қоидаларини бузган 56 нафар Қозоғистон Республикаси фуқароси (иш берувчи)га нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, 186 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қозоғистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун фуқароларимизга мажбурий тартибда давлатдан чиқиб кетиш бўйича суд томонидан ажрим чиқарилди ҳамда 427 нафар шахснинг Қозоғистон Республикасида бўлиш муддати қисқартирилди.

Тадбирлар давомида аниқланган 2088 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан мазкур давлатда бўлиш тартиб қоидаларини бузмаслик юзасидан ва қонунчиликка амал қилиши бўйича алоҳида профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкент шаҳарларида жойлашган хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган жами 218 нафар фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, улар орасидан ёрдамга муҳтож бўлганларга ватанга қайтариш бўйича чора тадбирлар белгиланди.

Тадбирлар давомида, Қозоғистон Республикаси ИИВ билан икки давлат ўртасидаги “реадмиссия” ҳақидаги келишувига асосан, хорижий фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларида сақланаётган ва мажбурий меҳнат эксплуатациясига тушиб қолган ҳамда турли сабабларга кўра ватанга қайтиб кела олмаётган 83 нафар (23 нафари қайтарилди) фуқароларга нисбатан ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилмасдан Қозоғистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборишга келишилди.

Шу билан бирга, Чимкент шаҳри ва Туркистон вилоятида жойлашган “Самал ва Сариагаш” номли халқаро автовокзалларда, Россия давлатига чиқиб кетадиган автотрассаларда турли хил нохуш ҳолатлар содир этилишини олдини олиш (об-ҳаво шароити ёмонлашганлиги сабабли) мақсадида, автобус ҳайдовчилари ва йўловчилар орасида профилактик-огоҳлантирув ишлари ўтказилди.

Ҳозирги кунда, Қозоғистон Республикаси ҳудудида икки давлат ИИВлари ва “Сана-Сезим” жамоатчилик фонди иштирокида ўтказилган тадбирлар натижасида, 23 нафар қийин аҳволга тушиб, айримлари эса мажбурий меҳнат эксплуатациясига тушиб қолган ҳамда 10-15 йил давомида ватанга қайтиб келолмаётган фуқароларга, Қозоғистондаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” консуллик тўловлардан озод этилган ҳолда расмийлаштирилиб, Ташқи меҳнат миграция агентлиги кўмагида “Олма-ота – Тошкент” авиарейси билан (авиачипта олиб берилиб) олиб келинишига эришилди.

Мазкур фуқароларга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги биносида тиббий (рентген текширув, қон анализлари текшируви, турли юқумли касалликларга текширув), психологик ва юридик ёрдамлар кўрсатилиб, яшаш манзилларига етиб олишлари учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида пул маблағлари ажратилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид