Тошкент вилояти ИИББ «Чимён»га йўл олган ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқди
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ “Чимён“га йўл олган ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқди.
Ҳафта давомидаги об-ҳаво маълумотларига кўра, республика ҳудудида ёмғир, қор ёғиши ва совуқ ҳаво ҳарорати кутилмоқда. Бу автомобиль йўлларида музламалар ҳосил бўлишига олиб келади.
“Биз барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш вақтида мураккаб об-ҳаво шароитини ҳисобга олишларини, зарурат бўлмаганда тунги вақтларда ҳаракатланмасликни, айниқса тезлик талабларига қатъий амал қилишларини, пиёдалардан йўлни кесиб ўтишда ўта ҳушёр бўлишларини, катталардан эса йўлларда фарзандларининг ҳаракатини назоратга олишларини сўраймиз.
Довон йўлида ҳаракатланадиган ҳар қандай транспорт воситаси энг аввало техник соз бўлиши лозим. Бунда, шиналар ва иситиш мосламаси, рул бошқаруви ҳамда тормоз тизимларига алоҳида эътибор берилиши зарур. Довон томон йўлга отланган ҳайдовчилардан ўзлари ва ўзгаларнинг хавфсизлиги учун ушбу қоидаларни унутмасликларини эслатиб ўтамиз. Шундагина тоғли йўллар хатарсиз ва равон бўлади”, - дейилади вилоят ИИББ ЙҲХБ маълумотида.
Билдирилишича, қорли йўлларда ҳаракатланиш машаққати тез-тез учрайдиган хавфли бурилишлар, тепаликка чиқиш ва пастликка тушишда ҳайдовчи учун ҳақиқий синов вазифасини ўтайди. Мана шундай йўлларда ҳаракатланганда “қишга тайёргарлик”, деган сўзнинг асл маъноси сезилади. Вилоят ҳудудида қорли кунларда тоғларга чиқиб, мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олишни истовчилар сони ҳам ортади. Айниқса, Бўстонлиқ, Паркент, Ангрен туманларида, хусусан Чимён тоғ ён бағирларида транспортлар қатнови кўпаяди. Бу, ўз навбатида, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишни талаб этади.
“Шу ўринда, ҳайдовчиларимизга айрим мулоҳазаларни айтиб ўтмоқчимиз. Кузатишимизча, сирпаниб тепаликка чиқа олмаётган аксарият автомобиллар қиш мавсумга тайёрланмаган. Кўпчилик ҳайдовчилар ёзги шиналарни қишкисига алмаштиришмаган. Айримларининг шиналари хизмат қилиш муддатини ўтаб бўлган. Бу эса тоғли йўлда, қор ёғганда маълум қийинчиликларни, муаммоларни келтириб чиқаради.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ “Чинор” мунтазам йўл-патруль хизмати маскани довон йўлида жойлашган. Масканда хизмат олиб бораётган ходимлар бу ердан ўтаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари билан суҳбатлар ўтказиб, довонда ҳаракатланиш тартибларини тушунтириб боришмоқда. Суҳбатларда алоҳида эътибор юк автомобилларига қаратилмоқда. Чунки, довон йўлидан тунги вақтларда юк автомобиллари кўп ҳаракатланади.
Умуман олганда, ҳар бир ҳайдовчи у қайси йўлда ҳаракатланишидан қатъий назар, қиш мавсумга жиддий тайёргарлик кўриши, “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларини сўзсиз бажариши шарт. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш айнан мана шу нарсаларга чамбарчас боғлиқ эканлигини унутмайлик”, - дейилади маълумотда.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
07:30 / 05.11.2024