Қонунчилик палатасида Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси юзасидан қизғин муҳокамалар кетмоқда. Унда белгиланган ҳар бир норма муҳокама этилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилмоқда.
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилингандан кейин Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси кўриб чиқиш эҳтиёжи туғилган, дейилади парламент сайтида.
Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси парламент қуйи палатасига келиб тушган кундан бошлаб, лойиҳани биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш ишларига масъул қўмита — Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳузурида депутатлар, парламент қуйи палатасининг Давлат бюджети бошқармаси мутахассислари, экспертлар, ҳукумат ва Давлат солиқ қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди ҳамда унинг биринчи йиғилиши ўтказилди.
2019 йил 23 ноябрдан бошлаб иш гуруҳи йиғилишларида лойиҳа концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда. Муҳокамалар давомида солиқ тўловчилар қамровини оптималлаштириш ҳисобига солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда кодекс нормаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунларига зид келмаслигини таъминлаш, айниқса, инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжатга айланиши лозим. Шу боис, лойиҳани парламент қуйи палатасининг мажлисида биринчи ўқишга тайёрлаш ишига масъулият билан ёндашилмоқда.
Лойиҳага солиқ ставкаларини тартибга солувчи қонуности ҳужжатлари қоидалари ҳам сингдирилган. Ҳужжатда амалдаги Солиқ кодексининг умумий (солиқ маъмуриятчилиги масалалари) ва махсус (солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари) қисмларга бўлинишини кўзда тутадиган тизим сақлаб қолинган.
Лойиҳада саккизта йўналиш, шу жумладан, умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва солиқ стандартлари, бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган илғор, синовдан ўтган усуллар, шунингдек, маҳаллий ва халқаро экспертларнинг хулосалари инобатга олинган. Қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) ва уни ҳисоблашдаги янгиликларга алоҳида эътибор қаратилган.
Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари учун қўшимча қиймат солиғи Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан тўланар эди. Киритилаётган янги қоидаларга биноан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари мамлакатимиз ҳудудида амалга оширган оборотларидан мустақил равишда ҚҚС тўловчилари сифатида қатнашадиган тартиб ўрнатилмоқда. Янги таҳрирдаги лойиҳа билан, шунингдек, ҚҚС тўлашга ўтаётган хўжалик юритувчи субъектлар ҚҚС тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказилиши таклиф этилмоқда.

















