Ўзбекистон | 11:55 / 28.11.2019
5311
3 дақиқада ўқилади

Таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари кенгайтирилади

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрланмоқда.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматига кўра, мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 6 сентябрь куни Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган. Уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар, таълим соҳасида фаолият олиб борувчи экспертлар ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли иш олиб борилди. Қонун лойиҳаси концептуал маъқулланганидан кейин парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтига кенг муҳокамадан ўтказиш учун жойлаштирилган.

Ишчи гуруҳи Қонунчилик палатасига фуқаролардан ва таълим муассасалари вакилларидан келиб тушган таклифларни ўрганди. Ишчи гуруҳ аъзолари уларни таҳлил қилиб, умумлаштирмоқда. Шу аснода қонун лойиҳасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ҳаволаки нормалар чиқариб ташланмоқда.

Қонун лойиҳаси таълим хизматларининг кундузги, кечки, сиртқи, масофавий, давлат ва нодавлат таълим муассасаларида дуал таълим олишнинг янада кенгроқ кўламини тақдим этишни кўзда тутади.

Лойиҳада давлат таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги, давлат-хусусий шериклик учун шароитлар яратиш, катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш каби таълим олиш шаклларини жорий этиш кенгроқ акс эттирилган.

Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Одинахон Жамолдинованинг фикрича, қонун лойиҳасининг янги таҳрири билан таълим олувчиларни ва педагог кадрларни таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади. 

Шунингдек, таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлиги кенгайтирилмоқда. Ундан ташқари, қонун лойиҳаси ушбу соҳада давлат бошқаруви органлари ваколатларини кенгайтиришга ҳамда таълим муассасалари фаолиятида мустақилликни оширишга хизмат қилади.

Музокаралар якунида иштирокчилар мазкур қонун лойиҳасининг нормаларини янада такомиллаштириш, бу жараёнда эксперт ва олимлар иштирокида жойлардаги кенг муҳокамалар ташкил этиш зарурлигини қайд этдилар. Айни масалалар юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқиладиган бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид