Жаҳон | 23:45 / 28.11.2019
10993
2 дақиқада ўқилади

“Европадаги энг  йирик ўғрилик”ни содир этганлар ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилинди 

Фото: Reuters

Германия полицияси Дрездендаги “Яшил гумбаз” музейини тунаган жиноятчиларнинг ушланишига олиб келиши мумкин бўлган маъумот учун 500 минг евро мукофот эълон қилди. 

Полицияда таъкидланишича, жиноятни тергов қилаётган махсус комиссия 40 кишини ташкил қилмоқда.  

“Европадаги энг йирик ўғрилик” деб аталган жиноят 25 ноябрь тонгида юз берган. Жиноятчилар яқин орадаги трансформаторни ишдан чиқариб ва бунинг натижасида музейда сигнализация ўчганидан фойдаланиб, ойналардан бири орқали музейга киришган. Полиция музей навбатчиларининг сигналига кўра воқеа жойига бир неча дақиқа ичида келган бўлса-да, ҳеч кимни ушлай олмаган. 

Дастлаб жиноятни музейдаги кузатув камераларига муҳрланган икки ўғри содир этган деб тахмин қилинган. Бироқ полиция 27 ноябрда жиноятчилар 4 нафар бўлгани, яна икки нафар жиноятчи музейга ўғриликка тушган шерикларини автомобилда кутиб турганини маълум қилган.

Аввалроқ маълум қилинганидек, музейдан умумий қиймати 1 млрд долларлик зеб-зийнатлар олиб чиқиб кетилган.

Айни вақтда полицияга фуқаролардан жиноят юзасидан 200 дан кўпроқ маълумот келиб тушган. Мутахассислар уларни таҳлил қилишмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид