«Минтақа транзит имкониятларини кенгайтиришга қаратилган йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш ниятидамиз» — Шавкат Мирзиёев
Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича брифингдаги баёнотини тўлиқ шаклда келтирди.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!
Хонимлар ва жаноблар!
Авваламбор, сизларни, бугун Тошкент шаҳрида ўтказилаётган тарихий анжуманни – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ёритиш мақсадида тўпланган оммавий ахборот воситалари вакилларини самимий қутлашдан мамнунман.
Ушбу форматдаги доимий мулоқотларни ўтказиш ташаббуси ҳурматли ҳамкасбларим – минтақа етакчиларининг фаол қўллаб-қувватлаши билан амалга ошмоқда.
Шу муносабат билан 1998 йили Ашхабод шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитининг тарихий аҳамиятини ҳамда 2018 йилда Нур-Султон шаҳридаги Маслаҳат учрашувининг самарали натижаларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бугунги самимий музокараларимиз ҳам анъанавий дўстлик ва ўзаро англашув руҳида ўтди.
Учрашувлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақада ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши ва қатъий сиёсий иродасининг яққол ифодаси бўлди.
Биз ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш йўлида бутунлай ҳамфикр эканимизни яна бир бор тасдиқладик.
Учрашув долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича бизнинг қараш ва ёндашувларимиз ўзаро жуда яқин эканини намойиш этди.
Минтақанинг мавжуд улкан иқтисодий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, устувор соҳаларда мулоқот ва шерикликни ривожлантиришга келишиб олдик.
Биз давлатларимиз ўртасидаги савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини янада кучайтириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз.
Энергетика инфратузилмаларини модернизация қилиш ва минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтиришга қаратилган йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш ниятидамиз.
Иқтисодий ва транспорт коридорларининг самарали минтақавий тизимини яратиш борасида фаол ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам давом этади.
Сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш, экологик хатарларга қарши курашиш масалалари бўйича ҳам батафсил фикр алмашдик.
Биз инновацион технологияларни жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт» принципларини жорий этиш, чўлланишнинг олдини олиш орқали Оролбўйи муаммоларини ечишдаги саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириб борамиз.
Мамлакатларимиз минтақалари ўртасида фаол мулоқотни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида қўшма тадбирларни мунтазам ўтказиб боришга келишиб олдик.
Биз Марказий Осиё халқларини бирлаштириб турадиган умумий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш, кенг тарғиб қилиш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишдан манфаатдор эканимизни баён этдик.
Музокаралар чоғида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига айниқса жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Биз Афғонистон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш тарафдоримиз. Биродар афғон халқига амалий ёрдам кўрсатишни, ён қўшнимиз бўлган ушбу мамлакатда бевосита улар иштирокида қўшма инфратузилма лойиҳаларини ва минтақавий ташаббусларни илгари суришни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз.
Бу чора-тадбирлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, тинчлик жараёнларини таъминлаш, иқтисодиётни қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитлар яратишига ишонамиз.
Минтақамиз давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви формат́идаги ҳар йил ўтказиладиган саммитлар ғоятда муҳим эканини барчамиз қатъий маъқулладик.
Учрашувларимиз ҳамкорлигимизнинг энг долзарб масалаларини очиқлик ва ўзаро ишонч асосида муҳокама қилиш учун самарали мулоқот майдони бўлишини яна бир бор тасдиқлади.
Саммит якунида муносабатларимиз натижадорлигига хизмат қиладиган муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Бу ўринда, аввало, Қўшма баёнот ҳақида тўхталишни истар эдим. Мазкур ҳужжат бизнинг минтақавий ҳамкорлигимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий сиёсий иродамизни яна бир бор тасдиқлади.
Биз Маслаҳат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш Регламентини маъқулладик. Ушбу ҳужжат саммитларга пухта ҳозирлик кўриш, уларни тизимли равишда ўтказиш, келишилган ва ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилишга асос бўлиб хизмат қилади.
Биз Туркманистон Президентининг таклифини тўла қўллаб-қувватладик ва оқсоқолимиз, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Абишевич Назарбоевни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувининг фахрий раиси этиб сайладик.
Эътиборингизни муҳим бир масалага қаратмоқчиман. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви формати қандайдир янги минтақавий ташкилот тузиш ҳақида гапиришга асос бўла олмайди.
Ҳурматли журналистлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Марказий Осиё – асрлар давомида қондош халқлар тинч ва тотув яшаб келаётган жаҳондаги кам сонли минтақалардан биридир.
Бизни муштарак тарих ва маданият, ягона муқаддас дин, ўхшаш менталитет, маънавий-ахлоқий қадрият ва анъаналар ҳамда ажралмас дўстлик чамбарчас боғлаб туради.
Буларнинг барчаси халқларимиз фаровонлиги ва равнақи йўлида Марказий Осиё давлатлари салоҳиятини бирлаштиришга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Сўзимнинг якунида шуни айтишни истардимки, биз олий даражадаги минтақавий мулоқотни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичига кўтарилдик.
Ҳеч шубҳасиз, биргаликдаги интилишларимиз билан олдимизда турган барча мақсадларга албатта эришамиз. Марказий Осиёни хавфсиз ва барқарор тараққиёт минтақасига, кўпқиррали шериклик маконига айлантирамиз.
Биз навбатдаги Маслаҳат учрашувимизни келгуси йили Қирғизистоннинг гўзал Бишкек шаҳрида ўтказишга келишиб олдик.
Эътиборларингиз учун раҳмат.
Мавзуга оид
16:03 / 12.07.2024
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқилади
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
14:08 / 12.07.2024
“Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади” – президент
08:25 / 12.07.2024