Жаҳон | 20:40 / 29.11.2019
18442
2 дақиқада ўқилади

Сайёрамизда 100 метрлик цунами қайд этилгани маълум қилинди 

Лондоннинг Брунель университети ва Токио университети олимлари 2018 йилда баландлиги 100 метр келадиган цунами юз берганини қайд қилишди. Бу ҳақда Phys.org нашрида маълум қилинди. 

Мутахассислар томонидан денгиз сатҳи ҳақида тўлқин датчиклари ёрдамида тўпланган маълумотлар 100 метрлик тўлқин шаклланганини кўрсатган. Цунами Индонезиядаги Анак-Кракатау вулқони отилиши оқибатида юзага келган.

Анак-Кракатау яқинидаги 5 та нуқтадан олинган маълумотларга асосланган компьютер моделига кўра, вулқон 2018 йилда 100 метрлик цунамини ҳосил қилган.

Цунами вулқондан бир неча километр узоқликда жойлашган энг яқин кимсасиз оролга етиб борганда, унинг баландлиги 80 метргача пасайган. Олимлар тўлқин баландлигининг бундай камайишини Ернинг гравитацион таъсири ва денгиз тубига ишқаланиш билан тушунтиришди.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар тўлқин бошқа томонга кетганда, ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин эди. 2018 йилда 3-15 метрлик цунами Суматра оролида 400 кишининг ўлимига сабаб бўлган. 1883 йилда эса Кракатау вулқонининг отилиши оқибатида ҳосил бўлган 46 метрлик цунами 36 минг кишининг умрига зомин бўлган.

Мавзуга оид