Улкан тўлқин бутун Тинч океани бўйлаб тарқалиб, очиқ денгизда самолёт тезлигида ҳаракат қилди, кейин эса соҳилларга ёпирилиб, айрим жойларда 17 метрдан ортиқ баландликка етди.
Олимлар бу ҳодисалар занжири қандай кечишини анчадан бери тушуниб келади. Бироқ зилзила ва ундан кейинги цунами айнан қаерда ва қандай бошланишини — яъни субдукция зоналаридаги чуқур океан зовурларида бу жараён қандай ривожланишини батафсил кузатиш ҳозиргача жуда қийин бўлиб келган. Бу ҳудудлар яқинида цунамини кузатиш учун етарли датчиклар йўқлиги сабаб, воқеанинг аниқ манзарасини олиш мушкул эди.
Маълум бўлишича, бу муаммонинг ечими — сунъий йўлдошлар. Тадқиқотчилар энди фақат цунамини аниқлашга мўлжалланган махсус тизимларга таяниб қолмай, мавжуд сунъий йўлдош миссияларидан ҳам янги мақсадларда фойдаланмоқда. NASA ва Франция космик агентлиги томонидан жаҳон сув сатҳи ва океан оқимларини ўрганиш учун яратилган SWOT (Surface Water and Ocean Topography) сунъий йўлдоши кутилмаганда цунами ҳақидаги фан учун ҳам кучли восита бўлиб чиқди.
Калифорния штати университетининг Сан-Диего бўлимида фаолият юритувчи Игнасио Сепулведа бошчилигидаги олимлар гуруҳи Камчаткадаги цунамини кузатиш учун SWOT сунъий йўлдошидан фойдаланди. Уларнинг иши цунамигенез — яъни цунамининг туғилиш жараёни ҳақида ғоятда аниқ тасаввур бериш имконини яратди. Сунъий йўлдош маълумотлари туфайли тадқиқотчилар бундай экстремал океан ҳодисаларини янада аниқроқ моделлаштириши ва эҳтимол келажакда яхшироқ башорат қилиши мумкин бўлади.
Зилзиладан атиги 70 дақиқа ўтгач, сунъий йўлдош Тинч океани устидан, эпицентрдан тахминан 600 километр масофада учиб ўтди. У юқори аниқликда нафақат цунамининг олдинги асосий тўлқинини, балки унинг ортидан келган майдароқ тўлқинлар занжирини ҳам қайд этди.
Аммо 2025 йилги воқеани моделлаштиришга уриниш пайтида тадқиқотчилар муаммога дуч келди. Энг оддий ва кенг қўлланадиган узун тўлқинли моделдан фойдаланилганда, у сунъий йўлдош кузатган барча хусусиятларни қайта тиклай олмади.
Бунинг сабаби дисперсион тўлқинлар — айнан ўша “думсимон” тебранишлар экани маълум бўлди. Узун тўлқинли модел уларни ҳисобга олмайди, чунки мавжуд кузатув воситалари ёрдамида бундай тўлқинларни қайд этиш қийин.
Цунамини анъанавий мониторинг қилиш тизимлари асосан DART (Deep-ocean Assessment and Reporting of Tsunamis) буйларига таянади, улар денгиз тубидаги босим ўзгаришларини ўлчайди. Бу датчиклар огоҳлантириш тизимлари учун жуда муҳим бўлса-да, уларнинг имконияти чекланган: маълумот фақат алоҳида нуқталардан олинади ва тўлқиннинг тўлиқ тузилмасини кўриш имкони бўлмайди.









